Италияда бўш уйларга кўчиб ўтганларга 23 минг доллар берилади (фото)

Бу қизиқ

image

Италиянинг Тоскана минтақасида жойлашган манзарали Радикондоли қишлоғи аҳолиси камайиб кетгани боис, ҳукумат янги қарор чиқарди. Қадимий қишлоқдаги бўшаб қолган уйларга кўчиб келганларга 23 минг доллар тўлаш тартиби жорий қилинди. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Тоскана тепаликлари, зайтун боғлари ва узумзорлар билан ўралган Радикондоли бир пайтлар 3 мингга яқин аҳолига эга бўлган. Бугун эса бу рақам 966 кишигача қисқарган, 450 та уйдан 100 таси қаровсиз қолган. Шу сабабдан, маҳаллий ҳокимият 2023 йилда қишлоққа ҳаётни қайтариш мақсадида махсус дастур ишга туширган.

Унга кўра, ким бу қишлоқдаги ташландиқ уйлардан бирини сотиб олиб, у ерга кўчиб ўтса, унга 23 минг доллар миқдорида молиявий ёрдам берилади. Бундан ташқари, янги келганларга 7 минг долларгача транспорт ва иситиш харажатларини қоплаш учун компенсация ажратилади.

2025 йилдан бошлаб дастур имкониятлари кенгайтирилди. Энди Радикондоли ҳокимияти янги аҳолига биринчи икки йил давомида ижара тўловининг ярмини тўлаб беради. Бунинг эвазига улар камида тўрт йил қишлоқда яшашлари керак бўлади. Агар улар уйни сотиб олишни истаса, молиявий ёрдам кўрсатилади, бироқ улар камида ўн йил шу ерда яшаш мажбуриятини олади.

“Биз икки йил аввал бошланган уй-жой дастурини кучайтирдик. Жорий йилда бунинг учун 400 минг евродан ортиқ маблағ ажратилди. У уй сотиб олувчиларни, ижарачиларни, талабаларни ва экологик энергияни танлаганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади”, дейди Радикондоли мэри Франческо Гуаргуални.

Гуаргуалнининг таъкидлашича, Радикондолидаги ташаббус Италияда машҳур бўлган “1 евро учун уй” дастурларидан фарқ қилади.

“Бизнинг уйларимиз сифатли қурилган. Ҳукумат нафақат тураржой, балки аҳил маданият ва барқарор ҳаёт тарзини таклиф этмоқда”, дейди у.

Қишлоқ марказидаги кичик квартиралар нархи 50 минг евродан бошланади, чекка ҳудудлардаги кенг фермер уйлари эса 100 минг евродан юқори туради. Айрим уйлар таъмирталаб, аммо маҳаллий субсидиялар харажатларнинг бир қисмини қоплаш имконини беради.

Кичик ҳажмига қарамай, Радикондоли Тосканадаги энг экологик тоза жойлардан бири сифатида танилган. Бу ерда геотермал энергиядан фаол фойдаланилади, электр энергияси сотишдан олинган даромад эса ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

“Биз Радикондолига ҳаётни қайтаришни хоҳлаймиз, лекин уни музейга айлантирмоқчи эмасмиз. Бизда тарих ҳам, энергия ҳам, янги одамлар учун жой ҳам бор,” дейди мэр.

Дастур натижасида сўнгги йилларда қишлоққа 60 га яқин янги аҳоли кўчиб келган. Улар орасида италияликлар билан бир қаторда Бельгиядан келган оилалар ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

қишлоқ Италия Радикондоли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг