Қашқадарёдаги боғчада боланинг устидан қайноқ сув тўкилиб кетди
3-саҳифа
−
10 Апрель 23272 2 дақиқа
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 4-давлат мактабгача таълим ташкилотида катта гуруҳ тарбияланувчиси бўлган 6 ёшли боланинг устидан боғча тарбиячиси эътиборсизлиги оқибатида қайноқ сув тўкиб юборди. Сув боланинг пешона чап ёноқ соҳаси қисмига тўкилган. Ҳодиса бўйича боланинг онаси QALAMPIR.UZ'га мурожаат қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 6 февраль куни соат 12:00 лар атрофида тарбияланувчиларни ташқаридан ичкарига тушлик вақтига саф билан олиб кирилаётганда тарбиячи Ш.Ю. ҳамда тарбияланувчи Н.М.нинг тўқнашиши оқибатида қайнаган сув боланинг устига тўкилган. Бироқ орадан икки соат ўтиб, 14:30 да боланинг ота-онасига хабар қилинган.
Ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова билан боғланди. Унинг маълум қилишича, мазкур ҳолат давомида ДМТТ ҳамшираси томонидан дарҳол биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг, тарбияланувчининг отаси чақиртирилиб, ДМТТ ходимлари иштирокида Ғузор туман шошилинч тез тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб зарурий чоралар кўрилган.
Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмаси кузатув ва текширув ўтказгандан сўнг бемор ва унинг ота-онаси кетиб қолганини №554 маълумотномада келтириб ўтган. Тарбияланувчининг тиббий кўриклардан ўтказилиши унинг соғлигини тез тиклаши учун ДМТТ масъуллар томонидан ҳам молиявий ёрдам кўрсатилган.
“Ҳозирда ўз вазифасига совуққонлик билан қараган таълим ташкилоти масъул ходимларига таъсир чораси қўлланилиши юзасидан етарли ҳужжатлар тўпланмоқда”, дейилади муносабатда.
Вазиятни ўрганиш давомида биз боғча мудираси Гулноз Жумаева билан ҳам боғландик. Маълум бўлишича, 4-ДМТТ тарбиячисига ўзига бириктирилган болага эътиборсизлиги сабабли бола куйиб қолгани учун “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Ҳозирда боланинг аҳволи анча яхши.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага ҳам алоқага чиқди. Унинг маълум қилишича, ҳозирда Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни мурожаатчи билан боғланган равишда ўрганмоқда. Ҳолат юзасидан ИИБ ва Ғузор тумани прокуратураси томонидан текширув бошланган. Бу борада қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 апрель куни Бухорода 1,5 яшар бола боғчада ток уришидан вафот этган эди.
Live
Барчаси