Қирғизистонда парламент муддатидан олдин тарқатиб юборилди
Олам
−
25 Сентябрь 4136 2 дақиқа
Бугун, 25 сентябрь куни Қирғизистон парламенти (Жогорку Кенеш) депутатлари муддатидан олдин ўзини ўзи тарқатиш тўғрисидаги лойиҳани кўриб чиқиб, уни қабул қилди. Бу ҳақда қонунчилик органи матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг сентябрь ойи бошида бир гуруҳ депутатлар муддатидан олдин ваколатларни топшириш ташаббуси билан чиққан. Улар ўзини ўзи тарқатиш заруратини сиёсий беқарорликдан қочиш истаги билан изоҳлаган. Муаллифларнинг таъкидлашича, Конституцияга кўра, парламент сайловлари 2026 йилнинг ноябрь ойида, Президент сайловлари эса 2027 йилнинг январида ўтказилиши керак. Уларнинг фикрича, бу қисқа муддат ортиқча харажатларга сабаб бўлиши ва Марказий сайлов комиссияси учун қийинчилик туғдириши мумкин. Ташаббускор гуруҳ таклифини мажлисда иштирок этган 89 депутатдан 84 нафари қўллаб-қувватлаган.
“Президентлик ва парламент сайловлари каби иккита муҳим сиёсий воқеа орасидаги фарқ жуда қисқа муддатни ташкил этади. Шу боис сиёсий тизим ва мамлакатдаги барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташаббускор гуруҳ парламентга ваколатларини ихтиёрий равишда топширишни таклиф қилди”, дейди ташаббус муаллифларидан бири, депутат Улан Примов.
Амалдаги VII чақириқ мамлакат парламенти янги сайлов санаси расман эълон қилингунига қадар ишлашда давом этади. Муддатидан олдин сайловларни белгилаш тўғрисидаги фармонни Қирғизистон Президенти имзолаши керак. Сайловлар янги тизим бўйича ўтказилади – 30 та сайлов округи тузилиши ва ҳар биридан уч нафардан депутат (икки эркак ва бир аёл) сайланиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Қирғизистоннинг бир палатали парламенти 90 депутатдан иборат бўлиб, улар аралаш тизим асосида сайланади. Сўнгги сайловлар 2021 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган. Конституция мамлакат қонунчилик органининг депутатлар ташаббуси билан муддатидан олдин тарқатиб юборилишига йўл қўяди, бироқ ҳозиргача бундай механизм овоз бериш йўли билан қўлланмаган эди. Парламент депутатларининг муддатидан олдин сайлови тартибга кўра 30 ноябрь куни ўтказилиши керак.
Live
Барчаси