Қонли совет байроғи билан провокация қилувчиларни халқимиз таниб бўлди – Алишер Қодиров
Жамият
−
12 Май 15860 3 дақиқа
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон байроғини кўтариб чиқиш ўтказаётган ёшлар советпарастлар ҳужумига учрагани акс этган видеокадрлар тарқалди.
Кадрларда “Ўлмас полк” шиори остида Ғалаба кунини Совет байроқлари билан нишонламоқчи бўлганлар қаторида, “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” деб куйлаётган ёшларнинг чиқишлари айрим руспараст қатламга ёқмагани кўринади. Шовинистик руҳда чиқиш қилган аёл бу ҳолатни ўз тадбирларига халақит бериш деб баҳолаб, ушбу ҳаракат гўёки USAID томонидан молиялаштирилгани ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров топшириғи асосида ташкил этилганини даъво қилган.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ депутат Алишер Қодиров билан боғланди. Қодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 9 май куни нафақат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодлар хотирасини, балки ундан аввал миллий озодлик йўлида қурбон бўлган ва қатағон қилинган зиёлиларни ҳам хотирлашни назарда тутади.
“Биз ўзимизни қадрлашни ўрганишимиз керак. Ўзини қадрламаган миллатлар ва давлатлар қандай таназзулга учраётганини кўриб турибмиз. Демак, миллат ўзини қадрлаши, ўз тарихини билиши керак экан”, деди Қодиров.
Совет байроғини кўтариб, кўчага чиққан тоифаларга тўхталган Қодиров собиқ Совет ҳудудларида провокация қилиш кимга оид эканлигини ва кимлар буни молиялаштираётганлигини бутун дунё билишини урғулади. Қолаверса аёл томонидан айтилган гапларни рад этиши ва туҳмат сифатида баҳолашини маълум қилди.
“Энди бундай қонли Совет байроғини кўтариб олиб, собиқ Совет ҳудудларида провокация қилиш кимга оид, кимлар молиялаштиряпти, мақсад нима, бу ғийбатлар тагида, бу туҳматлар тагидан нима, ҳаммасини халқимиз жуда яхши билиб бўлди. Иккита нодон чиқиб гапиргани билан элнинг онги ўзгариб қолмайди. Провокаторларни халқимиз анча олдин таниган, уларнинг таъсир кучи йўқ. Ҳолатни синчиклаб таҳлил қиламиз ва бунақа туҳматларни рад этамиз”, дея қўшимча қилди у.
Видео лавҳадаги аёл томонидан айтилган туҳматларга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳақидаги саволга жавобан, Қодиров бу масалада шахсий тарзда судга мурожаат қилиш нияти йўқлигини, хотира кунини низо кунига айлантирганлар масъул идоралар томонидан назоратга олиниб, тегишли чора кўрилиши кераклигини айтди ҳамда бу миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилаётганлигини билдирди.
“Мен “менинг қадрим учун туҳмат қилинмоқда” деб судга мурожаат қилмайман. Чунки бу уларнинг тегирмонига сув қуйиш бўлади. Аммо халқимиз орасида бундай провокаторлар борлигини билиш керак”, деди у.
Қодиров сўзида давом этар экан, шундай ҳолатлар Қирғизистонда ҳам кузатилганини, айрим россиялик фуқаролар ўз провокацион ҳаракатлари учун мамлакатдан бадарға қилинганини, бундай вазиятлар Ўзбекистонда ҳам такрорланаётганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда СССР байроқларини кўтариб чиқиш – амалдаги конституциявий тузумимизга зид бўлган, ёт коммунистик ғояларни ёқлаш сифатида қабул қилиниши лозимлигини айттганди.
Live
Барчаси