“Қора шаҳзода”нинг АҚШга сафари. Трамп уни ҳам Қатар каби сийлайдими?
Таҳлил
−
18 Ноябрь 3287 5 дақиқа
Бугун, 18 ноябрь куни Саудия Арабистонининг де-факто раҳбари – валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмоннинг Оқ уйга ташрифи ва АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви нефть ва хавфсизлик бўйича ўн йиллар давом этган ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, савдо, технология ва эҳтимол ядровий энергетика соҳаларидаги муносабатларни кенгайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бу – 2018 йилда Истанбулда Саудия агентлари томонидан журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилганидан кейин Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга биринчи ташрифидир. Ушбу воқеа бутун дунёда қаттиқ норозилик келтириб чиқарган. АҚШ разведкаси Муҳаммад бин Салмон Қошиқчини ушлаш ёки ўлдириш операциясини маъқуллаган, деган хулосага келган. Валиаҳд операцияни буюрмаганини айтган, аммо мамлакатнинг де-факто раҳбари сифатида масъулиятни ўз зиммасига олганини тан олган. Орадан етти йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳозир дунёнинг энг йирик иқтисодиёти ва энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи давлати янги саҳифа очишни истамоқда.
Трамп жорий йил май ойида Саудияга қилган ташрифи чоғида эълон қилинган 600 миллиард долларлик Саудия инвестицияси ваъдасидан фойда кўришни кутмоқда. У ўша ташриф пайтида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни тилга олмаган ва бу гал ҳам бу мавзудан четда қолиши кутилмоқда.
Саудия раҳбари минтақада юзага келган беқарор вазият шароитида хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқда, сунъий интеллект технологияларига кириш имкониятини ҳамда фуқаролик ядровий дастури бўйича келишувга эришишни истамоқда.
Мудофаа келишуви бўйича эътибор
АҚШ ва Саудия Арабистони йиллар давомида қуйидаги тамойилга асосланган муносабатларни сақлаб келди: подшоҳлик нефтини мақбул нархларда сотади, эвазига АҚШ хавфсизлик кафолатларини тақдим қилади. Бироқ бу мувозанат 2019 йилда Эрон подшоҳликдаги нефть иншоотларига зарба берганда Вашингтон ҳеч қандай жавоб қайтармагани ортидан издан чиқди.
Жорий йил сентябрь ойида Исроил Қатарнинг Доҳа шаҳрига зарба берганида – бу ҳужум ҲАМАСга қаратилгани айтилган – ушбу хавотирлар яна пайдо бўлди. Бу ҳодисалардан сўнг Трамп тегишли фармон орқали Қатар билан мудофаа келишувини имзолади. Кўплаб таҳлилчилар, дипломатлар ва минтақавий мулозимлар Саудия ҳам шу каби ҳужжатга эришиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Саудия Арабистони охирги музокараларда АҚШ Конгресси томонидан ратификация қилинадиган тўлиқ мудофаа пактини талаб қилди. Аммо Вашингтон буни подшоҳликнинг Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши шартлиги билан боғлади. Ар-Риёд эса буни Исроил ҳукумати – мамлакат тарихидаги энг ўнгчилик ҳукумат – Фаластин давлатчилигини тан олишига боғлаб қўйди. Ғазода икки йиллик урушдан кейин ўтган ойда ҲАМАС билан Трамп воситачилигида тузилган оташкесимни қабул қилган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 16 ноябрь куни Фаластин мустақиллигига қарши эканини яна бир бор тасдиқлади.
Қатар билан тузилган келишувга ўхшаш Трампнинг ижроий фармони Саудия талаб қилаётган тўлиқ мудофаа пактидан анча паст даражада бўлади. Аммо таҳлилчи Азиз Алғашяннинг таъкидлашича, бу ёндашувдаги босқичлардан бири, жараённинг бир қисми, аммо унинг якуни эмас.
“Трамп нормаллашувни истайди, Саудия эса тўлиқ мудофаа келишувини. Аммо шароит бунга йўл қўймаяпти. Охир-оқибат, ҳар икки томон ҳам хоҳлагандан камроғига рози бўлади. Бу – дипломатия”, дейди Кўрфаздаги бир ғарблик дипломат.
Демократ ва республикачи маъмуриятларда Яқин Шарқ бўйича музокарачи бўлиб ишлаган, ҳозир Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институтида фаолият юритаётган Деннис Росснинг айтишича, кутилган фармон АҚШ ва Саудияни “таҳдид юз берганда дарҳол маслаҳатлашиш”га чақириши мумкин, бироқ Вашингтонни Ар-Риёдни ҳимоя қилиш учун мажбурий тарзда ҳарбий ҳаракатга жалб этмаслиги эҳтимоли бор.
“Бу турли кўринишда намоён бўлиши мумкин: ҳар хил ёрдам кўрсатиш, қурол-аслаҳани қайта етказиб бериш, THAAD ёки Patriot каби мудофаа ракеталари тизимларини жойлаштириш, денгиз кучлари ва денгиз пиёдаси бўлинмасини юбориш – ёки фақат мудофаа эмас, балки ҳужум ҳаракатларида ҳам қатнашишгача”, деди у.
Ҳудудий рақобат шароитида битимларнинг аҳамияти
Ар-Риёд ўзининг иқтисодиётни диверсификация қилиш ва минтақадаги рақибларига нисбатан позициясини мустаҳкамлашни мақсад қилган “Vision 2030” дастури доирасида ядровий энергетика ва сунъий интеллект бўйича келишувлар учун ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.
Юқори даражадаги компьютер чипларини харид қилишга рухсат олиш қиролликнинг глобал AI тармоғида марказий бўғинга айланиш ва Бирлашган Араб Амирликлари билан рақобатлашиш режалари учун жуда муҳим. БАА июнь ойида АҚШ билан миллиардлаб долларлик дата-марказ келишувини тузиб, юқори сифатли чипларга эга бўлган эди.
Муҳаммад бин Салмон, шунингдек, Вашингтон билан Саудиянинг фуқаролик ядровий дастурини ривожлантириш бўйича келишувга эришмоқчи. Бу унинг иқтисодиётни нефтдан диверсификация қилиш ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади. Бундай келишув Саудияга АҚШ ядровий технологиялари ва хавфсизлик кафолатларига йўл очиб беради, шу орқали мамлакатга БАА (ўз дастурига эга) ва анъанавий рақиби – Эрон билан тенглашиш имконини беради.
Бироқ АҚШ билан келишувга эришиш қийин бўлди, чунки Саудия Қўшма Штатларнинг уранни бойитиш ёки сарфланган ёқилғини қайта ишлашни тақиқлайдиган талабини қабул қилишни истамади – бу иккиси ҳам ядровий қурол яратишга олиб борадиган эҳтимолий йўналишлар ҳисобланади. Росснинг айтишича, ядровий энергетика бўйича келишув эълон қилиниши ёки камида унга эришиш йўлидаги тараққиёт ҳақида баёнот берилиши кутилмоқда.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь