Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси 95 ёшида вафот этди
Жамият
−
23 Июнь 5659 2 дақиқа
Кеча, 22 июнь куни Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Гулайша Есемуратова 95 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Гулайша Есемуратова 1930 йил 10 январда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида туғилган.
1951 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатгач, шу йилдан бошлаб ёшлар газетасида (ҳозирги “Қарақалпақстан жаслари”) бўлим мудири, 1957-60 йилларда “Жеткиншек” газетаси, 1960-90 йилларда “Амударё” журнали бўлим мудири, 1991-2004 йилгача “Орол қизлари” (“Арал қизлари”) журнали бош муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.
Унинг “Кашта” (1969), “Холмурод чаққон” (1971), “Жайрон” (1975), “Сўнгги гувоҳлар” (1990), “Ойдек қиз” (1980), “Қизим, сенга айтаман” (1981), “Мингда бир кечирим” (1991), “Дувдендаги дафтар” (1992) номли роман, қисса ва ҳикоялар тўпламлари, шунингдек тўрт жилдлик сайланма асарлари (1995-2009) нашр этилган.
Таржимон сифатида рус ва қардош халқлар ёзувчиларининг кўплаб асарларини қорақалпоқ тилига маҳорат билан таржима қилган.
Гулайша Есемуратованинг ижоди, кўп йиллик ибратли фаолияти мамлакат томонидан юксак баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” (1980), “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси” (2012) фахрий унвонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фахрий ёрлиғи, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси мукофоти билан муносиб тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов 74 ёшида вафот этганди.
Live
Барчаси