Қозоғистон аҳолиси кўпайди
Олам
−
02 Декабрь 11781 2 дақиқа
2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Қозоғистоннинг умумий аҳолиси қарийб 20,5 миллион кишига етди. Бу ҳақда мамлакат Миллий статистика бюроси хабар берди.
Йил бошидан буён аҳолининг ўсиши 0,9 фоизни ташкил этган, бу эса 180,7 минг кишига тенг.
Аҳолининг кўпайиши, асосан, табиий ўсиш ҳисобига юз берган. Йил бошидан бери мамлакатда 168,5 минг киши туғилган. Қозоғистонга кўчиб келганлар эса атиги 12,2 минг кишини ташкил этган.
Энг тез ўсаётган ҳудуд – Остона. 10 ой ичида аҳоли сони бирданига 6,1 фоизга ошиб, 1,5 миллион кишига етган. Ўсишнинг асосий қисми миграция ҳисобига бўлган – жами ўсишнинг 81,5 фоизи. Йил бошидан бери Остонага 76 мингдан ортиқ киши кўчиб келган.
Олмаотада аҳоли 2,17 фоизга ўсган, натижада шаҳар аҳолиси қарийб 3 миллион кишига етган. Ўсишнинг катта қисми яна миграция ҳисобига (33 мингдан ортиқ киши) тўғри келади.
Чимкент аҳолиси 2,62 фоизга ошиб, 1,3 миллион кишига етган. Бунда ўсишнинг асосий омили табиий кўпайиш бўлган.
Аҳолиси камайган ҳудудлар эса бир йўла ўн иккита бўлган. Бу рўйхатга Абай, Еттисув ва Улйтау вилоятлари, шунингдек, Ғарбий Қозоғистон, Жамбул, Қарағанда, Қўстанай, Қизилўрда, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятлари киритилган.
Энг катта камайиш Шимолий Қозоғистонда кузатилган – 1,29 фоизга. Абай вилоятида ҳам аҳолининг 1 фоиздан кўпроғи камайган. Бунга асосий сабаб сифатида қозоғистонликларнинг ушбу ҳудудлардан фаол равишда бошқа жойларга кўчиб кетаётгани кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони 38 млн 069,1 минг кишига етганди.
Live
Барчаси