Қозоғистон Конституцияси матнининг 80 фоиздан ортиғи қайта ёзилади

Олам

image

Қозоғистон Конституцияси матнининг 84 фоизи қайта ёзилади, тузатишлар эса 77 та моддани қамраб олади. Бу ҳақда кеча, 28 январь куни конституциявий комиссия йиғилишида Конституциявий суд раисининг ўринбосари Бахит Нурмуханов маълум қилди.

Унинг айтишича, янгиланган Конституция лойиҳасида муқаддима, 11 та бўлим ва 104 та модда мавжуд. Икки янги бўлим –  “Халқ Кенгаши” ҳамда “Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” бўлимлари киритилган. Яна тўртта бўлим қайта номланган. Умуман олганда, асосий қонуннинг барча бўлимларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, тузатишлар 77 та моддани қамраб олади, бу эса Конституция матнининг 84 фоизини ташкил этади.

Нурмухановнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа Қозоғистон конституциявий тузилмасининг “асосий пойдевори”га тааллуқли бўлиб, Конституциянинг мазмунини тубдан ўзгартиради ва кейинги институционал ҳамда таркибий ислоҳотлар учун улкан салоҳиятни ўзида мужассам этади. Хусусан, инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилади, президентлик бошқарув шакли сақланиб қолган ҳолда эса ягона давлат ҳокимиятини ташкил этиш тизими сезиларли даражада ўзгартирилади.

Конституциявий суд раисининг ўринбосари асосий ўзгаришлар қаторида бир палатали парламентнинг янги моделини жорий этиш, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш шаклларини кенгайтириш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш ҳамда Конституция асосида ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда Конституциявий суд фаолиятини кучайтиришни қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия (Конституциявий комиссия) тузиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.

Конституциявий ўзгаришлар:

1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Конституция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг