Қозоғистонда фонаграммадан фойдаланиш тақиқланади

Олам

image

Қозоғистонда концерт ташкилотчилари ва ижрочиларга фонограммадан фойдаланиш тақиқаланади. Улар қонунни бузган тақдирда 1000 ойлик ҳисоб кўрсаткичи (2025 йилда 3,9 миллион тенге – тахминан 90 млн сўм) миқдоригача жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 6 ноябрь куни Сенатнинг навбатдаги сессияисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Маданият, таълим, оила ва давлат назорати соҳаларига оид айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, йиғилишда депутатлар 200 ва ундан ортиқ томошабинли концертларда фонограммадан фойдаланиш тақиқини аниқлаштирган. Сенатнинг тегишли қўмитаси хулосасига кўра, фонограммалардан фақат телевизион контент яратишда ва концерт ўтказишга мос бўлмаган жойларда фойдаланиш мумкин бўлади.

Сенатор Талгат Жунусовнинг айтишича, қонунга мувофиқ томошабинларга мусиқа асарларини ижро этишда фонограммалардан фойдаланилиши ҳақида олдиндан маълумот бериш мажбурияти жорий этилади, шунингдек, йирик маданий ва кўнгилочар тадбирларда ҳам бу тартиб амал қилади.

“Бу нормалар ўртасида зиддият юзага келмайдими? Агар тақиқ жорий этилса, унда назорат механизми қандай бўлади ва ташкилотчилар ҳамда ижрочилар қандай жавобгарликка тортилади?” дея савол қўйган сенатор Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Ойбек Сиддиқовга.

Вазир ўринбосари бу масала бўйича ҳукумат позицияси аллақачон ишлаб чиқилганини, тузатмалар эса Сенат ишчи гуруҳларида батафсил қайта кўриб чиқилиб, келишилганини тушунтирган.

“Мажлис депутатлари Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексни янги норма билан тўлдиришни таклиф қилдилар. Унга кўра, белгиланган тақиқни бузган ҳолда фонограммадан фойдаланганлик учун 1000 ойлик ҳисоб кўрсаткичигача жарима назарда тутилади. Ушбу норманинг ижросини назорат қилиш ваколати ҳокимликларга юкланади”, дейди Сиддиқов.

Сенат спикери Мавлон Ашимбаев “фонограммадан фойдаланишни барча тадбирларда тўлиқ тақиқлаш керакми ёки фақат йирик чиқишлар билан чекланиш лозимми?” дея савол берган. Вазир ўринбосари эса тўлиқ воз кечиш мумкин эмаслигини айтган.

“Гап 200 нафардан ортиқ иштирокчиси бўлган маданий-оммавий тадбирлар ҳақида кетмоқда. Маданият муассасаларида фақат концертлар эмас, балки театр спектакллари, цирк томошалари ҳам ўтказилади, уларда фонограммалар ишлатилади. Шу сабабли биз тушунчаларни “концерт”, “маданий” ва “оммавий тадбирлар” деб ажратдик. Тақиқ фақат 200 кишидан ортиқ томошабин иштирок этадиган концерт тадбирларига нисбатан амал қилади”, дейди у.

Парламент аъзолари қонуннинг айрим – фонограммага алоқадор бўлмаган бандларини маъқулламаган ва ҳужжатни қайта ишлаб чиқиш учун Мажлисга қайтарган.

Эслатиб ўтамиз,  Ўзбекистонда жорий йилнинг 8 апрель куни қабул қилинган  “Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори билан  давлат концертларида фонограммадан фойдаланиш чекланган эди.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон концерт фонаграмма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг