Қозоғистонда вице-президент лавозими жорий этилади

Олам

image

Қозоғистонда янги лавозим – республика вице-президенти пайдо бўлади. Шу билан бирга, давлат маслаҳатчиси лавозими тугатилади. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги чиқиши чоғида маълум қилди.

“Бекорга халқ орасида “ҳар нарсанинг ўз вақти бор” дейишмайди. Менимча, ана шу вақт етиб келди. Бугун Миллий қурултойнинг якуний мажлисида янги, муҳим таклиф билан чиқмоқчиман. Мен таклиф этаётган бу янгилик бир неча йил давомида изчил равишда шаклланиб келаётган бутун сиёсий конструкцияни мантиқан якунлаб беради.

Гап Қозоғистон Республикаси вице-президенти институтини таъсис этиш ва уни Конституцияда тегишли тарзда мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда. Вице-президентни парламент розилиги билан кўпчиликнинг овози орқали президент тайинлайди. Унинг ваколатлари доирасини эса давлат раҳбарининг ўзи белгилайди”, дейди Тўқаев.

Қайд этилишича, вице-президент президент топшириғига кўра:

  • Қозоғистон Республикасининг халқаро форумлар ва хорижий давлатлар делегациялари билан музокаралардаги манфаатларини ифодалайди;
  • президент манфаатларини парламентда тақдим этади;
  • маҳаллий ва хорижий ижтимоий-сиёсий, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
  • президентнинг бошқа топшириқларини бажаради.

Шу билан бирга, Тўқаев вице-президентнинг хизмат ваколатларига оид ушбу асосий қоидалар Конституция матнида ҳам акс эттирилиши лозимлигини билдирган.

Бундан ташқари, амалдаги парламент фаолиятини таъминлаб келаётган айрим аппарат тузилмалари, шунингдек, давлат маслаҳатчиси лавозими ҳам тугатилиши белгиланган.

Маълумот учун, Қозоғистонда 1990 йилларда ҳам вице-президентлик лавозими мавжуд бўлган. Нурсултон Назарбоев уни 1996 йилда бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон парламенти “Қурултой” деб қайта номланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон вице-президент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг