Қозоғистоннинг янги Конституциясида рус тилининг мавқеи ўзгартирилади
Олам
−
10 Февраль 3141 2 дақиқа
Қозоғистонда рус тилидан фойдаланиш бўйича ифода янги Конституция лойиҳасида ўзгартирилди. Бу ҳақда республика Конституциявий суди раиси ўринбосари Бахит Нурмуҳаммедов маълум қилди.
31 январь куни конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳасини эълон қилган эди. 9-моддада давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан “тенг равишда” рус тилидан ҳам расмий фойдаланилиши ёзилган эди. Эндиликда “тенг равишда” сўзи “билан бир қаторда” иборасига алмаштирилади.
“Янги Конституциянинг тўққизинчи моддасида “тең” (“тенг”) сўзи “қатар” (“бир қаторда”) сўзига алмаштирилди”, дейди Нурмуҳаммедов конституциявий комиссиянинг ўнинчи йиғилишида.
Унинг тушунтиришича, ҳукумат, парламент, Президент администрацияси мутахассислари, тилшунослар ва бошқа экспертлар янги Конституция лойиҳасига терминологик ва семантик ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида таҳририй ҳамда услубий ўзгартиришлар киритган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг 21 январь куни конституциявий ислоҳотлар бўйича комиссия тузиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Комиссия мунтазам йиғилишлар ўтказиб, парламент ислоҳоти бўйича таклифларни таҳлил қилмоқда ҳамда Конституцияга ўзгартиришлар тайёрламоқда. Иш жараёнида комиссия аъзолари Асосий қонуннинг барча бўлимлари ва 77 та моддасига тааллуқли таклифларни батафсил кўриб чиққан, бу ҳужжат матнининг 84 фоизини ташкил этади.
Конституциявий ўзгаришлар:
1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.
Live
БарчасиСомалида самолёт Ҳинд океани қирғоғига қўнди
10 Февраль
Хитойда гуманоид робот инсонга ҳужумга қилди
10 Февраль