Қурбон ҳайити арафасида оғир касаллар учун қўшимча маблағ ажратилади
Жамият
−
21 Май 1043 2 дақиқа
Бугун, 21 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат муборак Қурбон ҳайити арафасида, юртдошларимиз Ҳаж амалларини адо этаётган қутлуғ кунларда бўлиб ўтди.
Давлатим раҳбари муфтий ҳазратлари орқали муқаддас Макка шаҳрида бўлиб турган барча ҳожиларни Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлиги, ёшларнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилаган.
Таъкидланишича, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик муборак Ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, давлат ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар ўзбекистонлик илк бор давлат ҳисобидан Ҳаж сафарига юборилган.
Президент зиёратчиларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўраган, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиққан.
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтаётганини таъкидлаган. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган ўзбекистонликлар муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакат тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб дуолар қилаётганини қайд этган.
Суҳбатда мамлакатда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ қалби, маънавияти ва маърифатига катта ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилган. Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби яқинда фойдаланишга топширилган масканлар улуғ аждодларнинг бебаҳо меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Куни кеча Қурбон ҳайитини мамлакатда ўзгача файз ва шукуҳ билан нишонлаш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари ҳам амалга оширилади. Жумладан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, 10 мингдан ортиқ болаларга мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, 2 мингга яқин оғир касалликка чалинган ўзбекистонликларни даволаш учун қўшимча маблағлар ажратилади. Масжид ва қабристонларни обод қилишга ҳам алоҳида ресурслар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари ҳаётда кўпни кўрган, дуогўй ҳожилар юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халққа, айниқса, ёшларга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўлишларига ишонч билдирган.
Суҳбат якунида Президент барча ҳожиларга салом йўллаб, уларнинг савобли амаллари қабул бўлишини, Ўзбекистонга соғ-омон қайтишини тилаган.
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май