“Калмаэги” тайфуни Вьетнамга кўчди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
07 Ноябрь 2286 1 дақиқа
Филиппинда вайронагарчиликларни юзага келтирган “Калмаэги” тайфуни Вьетнамга ҳам етиб борди. Камида беш киши ҳалок бўлган, яна етти нафар одам жароҳат олган. Бу ҳақда бугун, 7 ноябрь куни Вьетнам фавқулодда вазиятлар бошқармасининг оператив ҳисоботига таяниб, “Vietnam News” хабар берди.
Қайд этилишича, камида беш киши ҳалок бўлган, яна етти нафар одам жароҳат олган. Асосий зарба тоғли Зья Лай ва Даклак вилоятларига теккан. Айни пайтда фақат шу ҳудудларда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлармаълум бўлган. Ўнлаб уйлар бутунлай вайрон бўлган, қарийб 3 мингта уй томсиз қолган, 11 та балиқчи кемаси чўкиб кетган.
“Калмаэги” тайфуни энергетика инфратузилмасига жиддий зарар етказган – 28 та авария рўй берган, оқибатда 1,6 миллиондан ортиқ истеъмолчи электрсиз қолган. Ундан 315 минг аҳолига электр таъминоти қайта тикланган. Тайфун оқибатида, кўплаб йўллар вайрон бўлган, кўчки ҳолатлари қайд этилган.
Маҳаллий ҳокимият жабрланган ҳудудларни кўздан кечириш, талафотни баҳолаш ва тиклаш ишларини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ марказий ва жанубий Филиппин оролларига ёпирилган “Калмаэги” тайфуни оқибатида камида 140 киши ҳалок бўлгани, яна 127 нафар инсон бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди.
Моҳичеҳра Қадамова