Касильяснинг бешта қимматбаҳо соати ўғирланди

Спорт

image

“Реал Мадрид” ва Испания терма жамоасининг собиқ дарвозабони Икер Касильяснинг уйидан бешта қимматли соати ўғирланди. Мадрид полицияси ушбу ўғриликда  гумон қилинаётган эр-хотинни ҳибсга олганини маълум қилди. Бу ҳақда “El Pais” нашри хабар берди.

Манбага кўра, айбланувчилардан бири Касильяснинг Мадрид четидаги Посуэло-де-Аларкон шаҳрида жойлашган уйида хизматкор бўлиб ишлаган, унинг турмуш ўртоғи эса бошқа мажмуада эшикчи сифатида фаолият юритган.
Полиция уларни мамлакатни тарк этишдан олдин қўлга олишга муваффақ бўлган. Суд уларни айблов билан озод қилди. Тергов давомида ўғирланган соатлардан иккитаси топилган — бири бутун, иккинчиси эса бўлакланган ҳолда.

Касильяс соатлар нусха билан алмаштириб қўйилганини билиб қолгач, ўғирлик ҳақида полицияга мурожаат қилган. Тергов жорий йилнинг 16 октябрида бошланган, гумонланувчилар эса 21 октябрь куни ҳибсга олинган.
Полицияга кўра, эр-хотин соатларни бир неча ҳафта давомида уй ичидан аста-секин олиб чиқиб кетган ва уларнинг бир қисмини бўлаклаб сотган. Қолган соатларни топиш ишлари давом этмоқда.
Испания Миллий полицияси ҳашаматли соат ўғрилигига ихтисослашган гуруҳларни кузатишда давом этмоқда. Бу турдаги жиноятлар Мадрид, Барселона ва Коста-дель-Соль ҳудудларида кенг тарқалган.

Маълумот учун, Икер Касиляс профессионал фаолияти давомида “Реал Мадрид” билан 5 марта Ла Лига ва 3 марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган. Испания терма жамоаси билан Касиляс 2 марта Европа чемпиони ва 2010 йилги Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.


Мақола муаллифи

Теглар

Икер Касильяс Мадрид Тергов қимматли соат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг