Келаси йилдан ўқувчи ва талабаларга сунъий интеллектни ўқитиш бошланади

Жамият

image

Ўзбекистонда келгуси ўқув йилидан мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларга сунъий интеллектни ўқитиш бошланади. Бу ҳақда бугун, 1 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти билан танишиши чоғида айтилди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг октябрь ойида қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан мамлакатда бу борада зарур инфратузилма барпо этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган.

Жумладан, 2030 йилгача стратегия тасдиқланиб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида тегишли марказ очилган. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси барпо қилинмоқда. Жумладан, АҚШнинг Nvidia компанияси билан ҳамкорликда суперкомпьютер кластерини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида сунъий интеллект бўйича 5 та лойиҳа жорий қилинмоқда. Хусусан, инсульт, кўкрак саратонини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш орқали диагностика вақти 80 фоизга тежалиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатлар барвақт аниқланмоқда.

Президент бу етарли эмаслиги, сунъий интеллект ёрдамидаги диагностикани ишлатиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этган.

Шу муносабат билан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини диагностика қилишда тиббий суратларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

Келгуси ўқув йилидан мактаб, техникум ва олийгоҳларда ўқувчи ва талабаларга сунъий интеллектни ўқитиш бошланади. Бунинг учун информатика ўқитувчилари тайёрланмоқда. Лекин фақат уларни эмас, бутун мактаб жамоасини сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиб, ўқитувчиларнинг юкламасини камайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шунда ўқитувчида ўз устида ишлашга кўпроқ вақт қолади, дея таъкидланган йиғилишда.

Тақдимотда бу борадаги янги ёндашувлар кўриб чиқилган.

Жумладан, мактаб таълими учун сунъий интеллектга асосланган платформани жорий қилиш таклиф қилинган. Бунда ўқитувчининг виртуал ёрдамчиси ишлаб чиқилади ва платформага интеграция қилинади. Ушбу ечим ўқитувчиларга мавзуга доир маъруза матнлари, тақдимотлар, тестлар, дарс режаларини тузиш, имтиҳон жараёнларини назорат қилишда кўмаклашади.

Йиғилишда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиларининг малакасини ошириш дастури ҳақида ахборот берилган.

Транспорт соҳасида ҳам сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, сунъий интеллект ёрдамида йўллардаги қоидабузарликларни автоматик аниқлаш, вагонлар техник ҳолатини мониторинг қилиш орқали темирйўлда авариялар хавфини камайтириш бўйича таклифлар тақдимот қилинган.

Бундан ташқари, космик технологиялар бўйича янги ташаббуслар ишлаб чиқилган. “Самарқанд-2028” сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ишларининг бориши кўриб чиқилган. Ерни масофавий зондлашга мўлжалланган мазкур йўлдош учун сунъий интеллект модули ишлаб чиқилади. Йўлдош олган суратларни ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда қўллаш мумкин бўлади.

Тақдимот якунида давлат раҳбари кўриб чиқилган лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, сунъий интеллект технологияларидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада фойдаланишни кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда “Nvidia” компанияси билан суперкомпьютер кластери ишга туширилиши, АҚШнинг Кремний водийсида Миллий трансфер офиси очилиши, барча ҳудудлардаги “Келажак марказлари”да СИ бўйича мактаб дастури жорий қилиниши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий интеллект рақамли технология

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг