Кескинлик янада ошди. Эрон Исроилга жавоб зарбасини йўллади
Олам
−
13 Июнь 14289 3 дақиқа
Бугун, 13 июнь куни Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 100 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган.
“Бир неча дақиқа аввал Эрон ҳудудидан Исроил ҳудудига ракеталар учирилгани аниқланган. Мудофаа тизимлари таҳдидларни бартараф этиш учун фаолият юритмоқда”, дейилади Исроил томонининг баёнотида.
Дронлар ва ракеталар Эроннинг жанубидаги Форс вилоятидан учирилгани қайд этилган. Эрон ҳарбийлари бу ҳужум орқали Исроилнинг ядровий иншоотлари ва ҳарбий раҳбариятга қаратилган зарбаларга жавобан куч намойиш қилганини маълум қилган.
Исроил эса ўз аҳолисидан зарба берилган жойларнинг манзили ва тасвирларини нашр этмаслик ва тарқатмаслик зарурлигини сўраган.
“Душман бу тасвирларни кузатиб, ўз зарба бериш имкониятларини яхшилашга ҳаракат қилади. Масъулиятли бўлинг – жойлашувларни интернетда тарқатманг!” дейилади Исроил баёнотида.
Ҳозирча Исроил томони бу ҳужум оқибатида зарар ва талафотлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Бироқ ҳарбий таҳлилчилар вазиятни ниҳоятда хавфли деб баҳоламоқда. Можаронинг янада кенгайиш хавфи мавжуд бўлиб, бутун Яқин Шарқ минтақасида барқарорлик жиддий таҳдид остида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Орадан бироз вақт ўтиб эса, Исроил Эронга қарши навбатдаги ҳужумларини ҳам бошлади. У Эрон шимоли-ғарбига янги ва кенг кўламли зарбалар берди. Ушбу ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Табриз аэропорти яқинидаги темирйўл иншоотларига зарар етган, бу ҳудудда ҳаво мудофаа базалари жойлашган.
Live
Барчаси