Кейинги 25 йил ичида саратондан ўлим қарийб 75 фоизга ошади – тадқиқот

Саломатлик

image

Тиббиёт соҳасидаги ютуқлар ва хавф омилларини камайтиришга қаратилган саъй ҳаракатларга қарамай, бутун дунё бўйлаб саратон касаллигидан ўлим сони кейинги 25 йил ичида қарийб 75 фоизга ошади. Бу ҳақда “The Lanset” журналида эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.

Нашрга кўра, 2050 йилда тахминан 18,6 миллион киши саратон касаллигидан ўлиши кутилмоқда. Бу вақт ичида ушбу касалликнинг янги ҳолатлари сони 60 фоиздан ошиб, 30,5 миллионга этади. Ушбу жараёндан энг кўп кам даромадли мамлакатлар зарар кўриши айтилмоқда.

Тадқиқотда келтирилишича, аҳолининг ўсиши ва қариши бу кўрсаткичнинг сезиларли даражада ошишига олиб келади. Ҳозирги вақтда саратон касаллигидан ўлим ҳолатларининг 40 фоиздан ортиғи чекиш, нотўғри овқатланиш ва қанд миқдорининг юқорилиги каби 44 та “ўзгартирилиши мумкин бўлган” хавф омиллари билан боғлиқ. Хусусан, 2023 йилда эркаклар ўртасида саратон касаллигидан ўлимнинг 46 фоизга етишида мазкур турдаги омиллар билан бирга, асосан, тамаки, парҳез, спиртли ичимликлар, касбий хавф-хатарлар ва ҳаво ифлосланиши муҳим роль ўйнаган.

Худди шундай, аёллар орасида ўлимнинг 36 фоизи ўзгартирилиши мумкин бўлган хавфлар билан боғлиқ бўлган. Асосий омиллар – тамаки, хавфли жинсий алоқа, овқатланиш, семириб кетиш ва юқори қон босими. 

“Мамлакатлар саратоннинг олдини олиш ва ҳаётни сақлаб қолиш мумкин бўлган ушбу хавф омилларини бартараф этиш учун катта имкониятларга эга”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири ва АҚШда жойлашган Соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институти (IHME) тадқиқотчиси, доктор Тео Вос. 

Ҳисоботда 204 мамлакат ва ҳудуддаги саратоннинг 47 тури кўриб чиқилган. Шунингдек, тадқиқотчилар 1990 йилдан 2023 йилгача бўлган ўлим ҳолатларини кузатиб борган ва бу кўрсаткичларни 2050 йилгача бўлган муддат учун прогноз қилган.

Унга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 18,5 миллион янги саратон касаллиги ва 10,4 миллион ўлим кузатилган. Бу 1990 йилдагидан сезиларли даражада кўп. 

Таҳлилларга кўра, паст даромадли мамлакатлар келгуси йилларда ўсиб бораётган саратон юкидан энг кўп зарар кўриши кутилмоқда. Бу 2050 йилга бориб янги саратон ҳолатларининг ярмидан кўпи ва ўлимнинг учдан икки қисмини ташкил қилади.

Непал Соғлиқни сақлаш тадқиқот кенгаши аъзоси, шунингдек, тадқиқот устида ишлаган Мегҳнатҳ Дҳимал бу мамлакатларда ўсиб бораётган саратон юкини “яқинлаб келаётган фалокат” деб атаган.

Тадқиқотчилар, айниқса, кам даромадли мамлакатларда саратон касаллигини тезроқ ва аниқроқ ташхислаш, сифатли даволаш ва қўллаб-қувватловчи ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга чақирмоқда.

“Мамлакатларда ривожланишнинг барча босқичларида саратон касаллигини назорат қилиш учун иқтисодий жиҳатдан самарали чоралар мавжуд”, дейди Дҳимал.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиядаги Уорик университети олимлари олмос асосидаги янги датчик ёрдамида саратон метастазларини аниқлаш усулини ишлаб чиққанди. Ҳозирги усулларда радиоактив маркерлар ёки кўк бўёқлар қўлланилади. Аммо радиофармацевтик моддалар ҳамма клиникаларда мавжуд эмас, бўёқ эса беморларнинг қарийб 1 фоизида аллергик реакцияга сабаб бўлади.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

саратон Тиббиёт тадқиқот IHME Мегҳнатҳ Дҳимал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг