Хитой автомобили тезлик бўйича мутлақ рекорд ўрнатди (видео)

Технология

image

Германиядаги Automotive Testing Papenburg полигонида ўтказилган тест давомида Хитойнинг BYD компанияси ишлаб чиқарган YangWang U9 Extreme электр гиперкари 496,22 км/соат максимал тезликка эришди ва рекорд ўрнатди. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 сентябрь куни “CarNewsChina” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу тезлик серияли ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун мутлақ рекорд бўлиб, аввалгиси 2019 йилдан буён Bugatti Chiron Super Sport 300+ га (490,48 км/соат) тегишли эди.

Гарчи серияли автомобиллар учун расмий тезлик рекорди қарама-қарши йўналишда икки марта ўтказилган трекларнинг (пойга ёки синов мақсадида автомобилнинг маълум масофани босиб ўтиши) ўртача қиймати асосида ҳисоблаб чиқилса-да, U9 Extreme бир томонга йўналган трекда ушбу натижага эришган. Шунга қарамай, бу ютуқ ҳам алоҳида эътироф этилган. Чунки, Bugatti’нинг рекорди ҳам бир томонлама трекда қайд этилган. 

Маълумотларга кўра, гиперкардаги тўртта электродвигатель умумий ҳисобда қарийб 3000 от кучига эга. Шунингдек, модель дунёда илк серияли 1200 В кучланишга эга платформалардан бири асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ихчамроқ ва енгилроқ электр тизими, жумладан, кабеллар, инверторлар ва совитиш элементлари ҳисобига юқори унумдорлик, самарадорлик ва оғирликни камайтиришни таъминлайди.

Bugatti Chiron Super Sport 300+ сингари YangWang U9 Extreme ҳам чекланган миқдорда – 30 донадан ошмаган серияда чиқарилади. Модель нархи ҳали эълон қилинмаган, бироқ техник хусусиятларга қараганда, у элита тоифага мос бўлиши кутилмоқда ва талаб таклифдан ошиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик миллиардер, Tesla ва SpaceX компаниялари эгаси Илон Маск ҳайдовчисиз такси (роботакси) хизматини йўлга қўйиш режасини маълум қилганди. Ҳайдовчисиз электромобиллар бўйича биринчи синов сафарлари Техаснинг Остин шаҳрида бошланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

YangWang U9 Extreme автомоби электр гиперкар тезлик рекорди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар