Хитойда фарзанд туғиб берадиган робот яратилмоқда
Технология
−
16 Август 11534 2 дақиқа
Хитойда ҳомилани кўтариб юриши мумкин бўлган робот устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда “ChosunBiz” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Kaiwa Technology компанияси 2026 йилда дунёда илк бор ҳомиладорликни симуляция қила оладиган ва инсон эмбрионини кўтара оладиган гуманоид роботни тақдим этишни режалаштирган.
Лойиҳа мамлакатда туғилиш даражаси пасайиши ва ортиб бораётган бепуштлик муаммосини ҳал қилишга қаратилган. Компания асосчисининг сўзларига кўра, сунъий бачадон технологияси аллақачон якуний босқичга етган.
Маълум қилинишича, робот бутун жараённи – уруғланишдан тортиб туғруққача бўлган даврни такрорлай олади. Унинг нархи қарийб 14 минг доллар бўлиши кутилмоқда. Лойиҳанинг асоси сунъий бачадон технологиясига бориб тақалади: амниотик суюқлик билан тўлдирилган махсус капсулада ҳомила ташқи манбалардан озуқа моддалари олиб, ривожланади.
Сингапурдаги Наньян технология университети фалсафа доктори Чжан Цифэннинг айтишича, сунъий бачадон технологияси аллақачон юқори ривожланиш даражасига етган. Энди уни роботнинг қорин бўшлиғига киритиш орқали инсон ва робот ўзаро алоқада бўлиб, ҳомиладорликни юзага келтириш, ҳомиланинг ичкарида ўсишини таъминлаш мумкин.
Бундай инкубация усули ҳайвонларда аллақачон синовдан ўтказилган: 2017 йилда АҚШ олимлари сунъий бачадон ёрдамида муддатидан олдин туғилган қўзини муваффақиятли вояга етказишга эришган. Аммо мутахассисларнинг фикрича, инсон эмбриони билан тўлиқ жараённи такрорлаш учун технологияни янада такомиллаштириш лозим.
Live
Барчаси