Хитойда йирик гексакоптер синовдан ўтказилди
Технология
−
13 Декабрь 2625 2 дақиқа
Хитой авиация саноати корпорацияси (AVIC) оғирлиги 800 килограмм бўлган AR-E800 гексакоптерини синовдан ўтказди. Бу ҳақда “China Army” хабар берди.
Қайд этилишича, синов парвози Цзянси провинциясидаги “Цзиндэчжэнь” аэропортида ўтказилган. Олти жуфт винтга эга гексакоптер 4 дақиқа ичида учиш, ҳавода муаллақ туриш, маневрлар бажариш ва белгиланган нуқтага қўнишни амалга оширган. Оғир дрон ички бўлимида ҳам, ташқи осмада ҳам 300 килограммгача юк ташиш имкониятига эга. AR-E800 етиб бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларга ускуна ва қурол-аслаҳа етказиб беришда қўлланилиши мумкин.

Аппарат илк бор 2025 йил сентябрь ойида Цзянси шаҳрида бўлиб ўтган 7-халқаро вертолёт кўргазмасида намойиш этилган. AVIC маълумотларига кўра, ўша пайтга келиб 160 та тасдиқланган ва дастлабки буюртмалар мавжуд бўлган бўлиб, бу Хитойнинг минтақавий логистика операторлари ҳамда давлат тузилмалари томонидан унга бўлган юқори қизиқишни кўрсатади.

Маълумот учун, гексакоптер – бу олти дона айланувчи ротор (двигатель)га эга бўлган учувчисиз учиш аппарати. Классик квадрокоптерлардан (тўртта двигателли) фарқли ўлароқ, гексакоптер қўшимча икки двигатель ҳисобига юқорироқ юк кўтариш қобилияти ва барқарорликка эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг етакчи робот ишлаб чиқарувчиларидан бири – UBTech Robotics компанияси Хитой ва Вьетнам ўртасидаги чегара пунктларига ўз роботларини жойлаштириши ҳақида хабар берилган эди. Одамсимон роботлар саёҳатчиларга ҳамроҳлик қилади, кўрикдан ўтказади, ҳудудни патруллайди ва логистика вазифаларини бажаради.
Live
Барчаси