Хотинини тўйга юбормаслик учун ертўлага қамаб қўйган собиқ ҳарбий қамалди
3-саҳифа
−
15 Январь 4827 3 дақиқа
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида хотинини тўйга юбормаслик учун ертўлага қамаб қўйган 41 ёшли собиқ ҳарбий 3 йилга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, 1984 йилда туғилган судланувчи Ш.О. (ҳарбий нафақахўр) 2025 йил 26 июль куни соат 23:30 ларда Яшнобод тумани, “Қалқон” МФЙдаги хонадонида турмуш ўртоғи Г.С. ни Самарқанд вилоятидаги қариндошларининг тўйига юбормаслик учун зўрлик ишлатиб, ўзи яшовчи кўп қаватли уйнинг ертўласига олиб тушган ва 1 сутка давомида сув ва озиқ-овқат бермасдан, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилган.
Бундан ташқари, судланувчи Ш.О. 2025 йил 31 август куни соат 00:30 ларда ўғли унинг банк пластик картасини блокка тушириб қўйганини важ қилиб, турмуш ўртоғи Г.С. ни танасининг турли жойларига қўллари ва телефон қувватлаш мосламасининг сими билан дўппослаб, соғлиқни қисқа вақт бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Г.С. нинг танасида ўнг ва чап елкаларда, чап тирсакда, ўнг ва чап билакларда, ўнг елкада ва чап кўкрак қафасида кўкаришлар каби тан жароҳатлари аниқланган.
2025 йилнинг 19 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда судланувчи Ш.О. айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг судда билдиришича, турмуш ўртоғи Самарқандда акаси тўй қилаётганини ва тўйга бориши кераклигини айтган. Бироқ Ш.О. тўйга бориш учун тўёна қилиши кераклигини, шунингдек, бошқа харажатлар борлигини, бироқ улар учун пул йўқлигини билдирган ва тўйга бормаслигини маълум қилган. Судланувчига кўра, Г.С. унинг айтганини қилмай, Самарқандга кетишга уринган, бироқ эркак турмуш ўртоғини вилоятга қатновчи машиналар тураргоҳидан ушлаб олиб келиб, яна кетиб қолмаслиги учун ўзи яшовчи кўп қаватли уйнинг ертўласига қамаб қўйган ва 1 сутка давомида сув ва егулик бермаган.
Шунингдек, судда Г.С. ҳам кўрсатма бериб, ўрталарида 4 нафар фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи билан 2016 йилдан бери жанжаллашишини, эри оиладаги етишмовчиликларда уни айблашини билдирган. Шунингдек, 2025 йил 26 июль куни акасининг уйида тўй бўлаётганини ва у ерга боришлари кераклигини айтган. Бироқ Ш.О. тўйга бориш учун тўёна қилиши кераклигини билдирган, Г.С. эса тўёна керак эмаслигини айтган. Шунга қарамай, эри уни тўйга бормаслигини учун дўппослаб, зах ертўлага қамаб қўйган ва 1 сутка давомида сув ва озиқ-овқат бермаган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а,б” бандлари, 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Узун туманида аёли ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиб, уларни 5 ой давомида мажбуран молхонада сақлаган эркак 13 йилга қамалган эди.
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль