Колумбия АҚШ билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатмоқчи

Олам

image

Колумбия Президенти Густаво Петро мамлакат ҳарбийларига АҚШ махсус хизматлари билан барча алоқаларни узишни буюрди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Колумбия АҚШ маъмурияти Кариб денгизида гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинган кемаларга зарба беришни тўхтатмагунича, разведка маълумотлари алмашинувини давом эттириш ниятида эмас. Танқидчилар АҚШни гиёҳванд моддалар ташишда гумон қилинаётган тезкор катерларга ҳужумларни “судсиз қатл” деб баҳоламоқда. 

Петронинг фикрича, илгари гиёҳвандликка қарши курашда яқин ҳамкор бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора ёмонлашмоқда.

Бу орада БМТ АҚШнинг Кариб денгизи ва Тинч океанида гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган кемаларга қарши уюштираётган ҳаво ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузаётганини билдирган ва бундай амалиётларни тўхтатишга чақирган. Шунингдек, Петро ҳам Дональд Трампни Венесуэла, Эквадор, Колумбия ҳамда Тринидад ва Тобагода тинч аҳолига зарар етказган ҳарбий ҳужумлар учун уруш жиноятларида жавобгарликка тортишни сўрамоқда.

Қайд этиш жоиз, Трамп маъмурияти Петрони гиёҳванд моддалар савдогарларига нисбатан “юмшоқликда” айблаб, Колумбия Президенти томонидан наркотрафикка алоқадор исёнчи етакчиларни АҚШга экстрадиция қилмаслик қарорини кескин танқид қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэладан АҚШ томонга ҳаракатланаётган “наркотеррористлар” қайиғига қарши зарба берилганини маълум қилганди. АҚШ ҳарбийлари халқаро сув ҳудудида гиёҳванд моддалар олиб кетаётган кемани нишонга олган. Трампнинг сўзларига кўра, кема Қўшма Штатлар томон йўл олган бўлиб, ҳужум оқибатида уч нафар “наркотеррорист” ҳалок бўлган, америкалик ҳарбийларларга эса ҳеч қандай зиён етмаган.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ БМТ Колумбия Густаво Петро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг