Космосда қолиб кетган астронавтлар Ерга қайтди (фото)

Технология

image

Жорий йилнинг 14 март куни SpaceX ва NASA Халқаро Космик Станцияда (ХКС) тўққиз ой давомида қолиб кетган астронавтларни Ерга қайтариш учун ракета учирганди. NASA астронавтлари Суни Уильямс ва Барри “Буч” Уилмор ниҳоят кеча, 18 март куни кечқурун Ерга қайтди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Улар 2024 йил июнь ойида Boeing Starliner космик кемасида синов парвозини амалга ошириш учун жўнаб кетган эди. Аммо кеманинг двигатель тизимидаги муаммолар туфайли уларни орқага қайтариш хавфли деб топилган ва натижада кема бўш ҳолда Ерга қайтарилган. Шу сабабли Уилмор ва Уильямс режалаштирилган ўн кунлик миссия ўрнига тўққиз ой давомида ХКСда қолиб кетган.

SpaceX Dragon капсуласи маҳаллий вақт билан соат 17:57 да Мексика кўрфази Таллахасси соҳили яқинига қўнган. Космик кеманинг тезлиги атмосферага киришда 27,359 км/соатдан пасайиб, Флорида осмонида 4 та парашют остида секинлик билан сувга қўнган.

“Капсула сувга қўнди. Crew-9 яна Ерда. Ник, Александр, Буч ва Суни, SpaceX номидан уйга хуш келибсиз”, дейди миссия бошқарув маркази.

Капсула сувга қўнганидан 30 дақиқа ўтиб, қутқарув кемаси ёрдамида олиб чиқилди. Биринчи бўлиб капсуладан Николас Хейг чиқди ва қўлларини силкиб, табассум қилди. Кейин Александр Горбунов, ундан кейин Уильямс ва Уилмор чиқишди.

“Жуда ажойиб саёҳат бўлди! Барчамизнинг оғзимиз қулоғимизда”, дейди Николас Хейг.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX компанияси АҚШ ва Япониядаги хусусий компаниялар томонидан қурилган иккита Ой модули билан Falcon 9 ракетасини учирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Космос астронавт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг