Кучишлатар тизимларда 300 дан ортиқ нафақа ёшидагилар раҳбар лавозимида ишламоқда (видео)
Жамият
−
02 Февраль 21059 2 дақиқа
Ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлса-да, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ички ишларда 153 нафар, прокуратурада 135 нафар, божхонада 23 нафар ва миллий гвардияда 8 нафар раҳбар ходим аллақачон нафақа ёшига етган бўлса ҳам жойини бўшатиш ниятида эмас. Кўрсатувда айтилишича, шунинг учун ҳам ушбу тизимга янги қон қуйилиши лозим. Бу эса ёш масаласига боғланган.
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ана шу катта масалага ечим топиш хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
“Умуман, ҳозирги даврнинг ўзи раҳбарлардан замонавий билим, ёндашув ва ташаббускорликни талаб қиляпти. Бизга юқори касбий компетенцияга эга, талабчан ёш раҳбарлар корпуси ҳаводай зарур. Масалан, Қудратхўжаев (собиқ фавқулодда вазиятлар вазири – таҳр.) ўз тизимидаги эллик ёшдан ошган ҳарбий хизматчиларни раҳбар лавозимида қолдирмади. Қурбонов, Тошпўлатов, Йўлдошов, Валиев, Жўраев, Мавлонов. Бир ой муддатда раҳбарликка ёш кадрларни қўйиб, пенсия ёшидагиларни тажрибасидан мураббий ва ўқитувчи сифатида фойдаланиш ва маҳаллада ёшларга устозлик қилаётган тизим яратсин”, деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Live
Барчаси