Латвия Россия ва Беларусга автобус қатновларини бутунлай тўхтатмоқчи
Олам
−
14 Май 1520 2 дақиқа
Латвия Транспорт вазирлиги Россия ва Беларусга барча автобус қатновларини, шунингдек, мамлакат ҳудуди орқали транзит ташишни тақиқловчи тузатишларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Delfi” хабар берди.
Ҳозирги вақтда Латвия-Россия ва Латвия-Беларусь чегаралари орқали халқаро номунтазам автобус қатновларига тақиқ аллақачон амал қилмоқда. Янги тузатишлар эса чекловларни мунтазам рейсларга ҳам татбиқ этади. Вазирлик тушунтиришича, қоидалар тасдиқлангач, давлат Автотранспорт дирекцияси (ATD) маъмурий ҳужжатлар орқали конкрет ташувчиларга берилган рухсатномаларни бекор қилиши мумкин бўлади. Идоранинг билдиришича, бу чекловлар Латвия Конституциясига мос келади ва демократик жамиятда ўзини оқлайди.
“Давлат хавфсизлик хизматининг 2025 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботида баён этилган хулосаларга кўра, Беларусь ва Россия билан транспорт алоқаси мавжудлиги миллий хавфсизликка таҳдид солувчи омилларни амалга оширишга объектив равишда ёрдам беради деб ҳисоблаш учун асослар бор. Беларусь ва Россияга мунтазам рейсларнинг мавжудлиги, бошқа саёҳат имкониятлари билан бир қаторда, Латвия фуқаролари учун таъсир ўтказиш ва ёллаш ҳолатларига дуч келиш хавфини оширади”, дейилади вазирлик изоҳида.
Вазирлик ташувчилар жиддий зарар кўриши мумкинлигини тан олмоқда. Тузатишлар аннотациясида Ecolines бренди остида фаолият юритувчи Norma-A ташувчисининг маълумотлари келтирилган. Компания Рига – Санкт-Петербург ва Рига – Москва йўналишлари бўйича тўғридан тўғри даромад йўқотишини йилига тахминан 4 миллион евро деб баҳоламоқда. Автобуслар паркининг бекор туриб қолиши туфайли кўриладиган қўшимча зарар эса йилига яна 2 миллион еврони ташкил этиши мумкин.
Ушбу ўзгаришлар кучга кириши учун улар Латвия Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши керак.
Бунгача мамлакат расмийлари ташувчиларга Россия ва Беларусга мунтазам рейсларни амалга ошириш учун лицензияларни узайтиришни тўхтатган, бироқ рухсатномаларнинг бир қисми ҳали ҳам амал қилмоқда. Хусусан, Ecolines ҳозирча Рига – Москва рейсини 2027 йил 9 январгача амалга ошириши мумкин. Агар янги қоидалар кучга кирса, лицензиялар муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
Live
Барчаси