Магистратура ва докторантура учун тил сертификати талаби бекор қилиндими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантурасига кириш учун чет тили сертификати талаби бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу хабарларни рад этди ва расмий маълумот берди.

Вазирлик 2025 йил 19 июлдаги ПФ–114-сонли “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони нотўғри талқин қилинаётганини қайд этган. Хусусан, 2021 йил 19 майдаги ПҚ–5117-сонли қарорнинг 6-банди тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланган. Ушбу бандда магистратура ва докторантурага ҳужжат топширишда хорижий тил сертификати талабининг илк жорий этилиши назарда тутилган эди.

Таъкидланишича, мазкур норманинг чиқариб ташланиши хорижий тил бўйича сертификатлар талаби бутунлай бекор қилинди, дегани эмас. Сабаби, 2024 йил 24 майдаги ПФ–81-сонли “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони билан магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилиши белгиланган:

  • хорижий тиллар йўналишлари бўйича – камида С1 даражасида;
  • гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича – камида B2 даражасида;
  • бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари бўйича – камида B1 даражасида.

Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ПФ–81-сон Президент фармони билан белгиланган хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатлар талаби ҳозирда ҳам амалда эканини эслатади ва бу борада тарқалаётган нотўғри талқинларга эътибор бермасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025–2026 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш учун қабул бошланганди. Унга кўра, ўқишга кириш учун ҳужжатларни топшириш жараёни my.edu.uz платформаси орқали 30 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

магистратура докторантура чет тили сертификати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг