Макрон Нью-Йоркда Саудия билан Фаластинни тан олиш бўйича анжуман ўтказади
Олам
−
17 Май 8239 3 дақиқа
Саудия Арабистони ва Франция жорий йилнинг июнь ойида Исроил иштирокисиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Нью-Йоркда Фаластин давлатини тан олиш бўйича халқаро анжуман ўтказади. Бу ҳақда “Israel hayom” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу анжуманда Фаластин давлатини тан олиш бўйича аниқ муддатлар ва ижро механизмларни ўз ичига олган кенг қамровли йўл харитаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Франция ва Саудия вакиллари бошчилигида бўлиб ўтадиган анжуманда мунозаралар ва расмий сессиялар ўтказилади ҳамда Фаластин давлатини барпо этиш учун амалга ошириладиган доиравий режа ишлаб чиқилади. Ушбу ташаббус Исроилнинг бу борадаги позициясини бутунлай четлаб ўтади.
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Фаластин тарафдори сифатидаги баёнотларидан сўнг мазкур анжуман мисли кўрилмаган дипломатик ташаббусни ташкил этади. Бу ташаббус фақат тан олиш баёнотларидан ташқарига чиқиб, аниқ мақсадлар ва амалга ошириш режаларини белгилайди, шу жумладан, жараённи тўхтатишга ҳаракат қиладиган томонларга қарши санкцияларни киритишни ўз ичига олади.
БМТ аъзо давлатларига юборилган таклифномаларда, анжуман “қайтиб бўлмас нуқтага айланиши, босқинни тугатиш ва икки давлатли ечим асосида доимий келишувни илгари суриш учун йўл очиш” мақсадида ташкил этилишини таъкидлаган.
Таклифномада 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлар ва зўравонликда “ҳар иккала томон” айбланиши, унда “7 октябрдан бери иккала томоннинг фуқаролари, шу жумладан, ўғирланганлар ва уларнинг оилалари, Ғазо аҳолисининг катта азият чеккани” қайд этилган.
Таклифнома якунида анжуманнинг якуний мақсади халқаро консенсусни амалга ошириш, қайтиб бўлмас нуқтани белгилаш ҳамда Фаластин ва можаро бўйича адолатли, барқарор ечим учун зарур муҳитни яратиб, келажакдаги йўлни белгилаш кераклиги ёзилган. Шунингдек, унда ушбу халқаро конференциянинг мақсади “қайта бошлаш” ёки “янгидан ишга тушириш” эмас, балки икки давлатли ечимни бир марта ва абадий амалга ошириш муҳимлиги қўшимча қилинган.
Бу қандай амалга оширилади?
Нашрнинг келтиришича, Саудия ва Франция анжуманининг якуний ҳужжатига қарши ҳаракат қилаётган томонларга БМТ санкцияларини қўллашни таклиф қилмоқда, бу Исроилни ўз розилигисиз дипломатик жараёнга мажбур қилишга уринишни англатади.
“Сўнгги йиллардаги воқеалар шуни кўрсатадики, агар халқаро ҳамжамият томонидан кучли қарорлар қабул қилинмаса ва уларнинг можаро тугатилишига олиб борадиган ёндашувга қатъий ҳисса қўшилмаса, бу можаро янада кучайиб, тинчлик яна орқага силжийди”, дейилади ҳужжатда.
Таклиф этилган ечим “тез, вақт билан чекланган ва орқага қайтмас” жараённи талаб қилади, бу эса “Фаластин давлатининг мустақил ва суверен давлат сифатида Исроил билан ёнма-ён ўрнатилиши” билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эммануэль Макрон июнь ойида ўзи ҳамраислик қиладиган икки давлат ечими бўйича халқаро конференция доирасида Франция яқин ойларда Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь