Малайзия соҳилларида мигрантлар қайиғи чўкиб кетди
Олам
−
12 Май 802 2 дақиқа
Кеча, 11 май куни Малайзиянинг ғарбий соҳили яқинида индонезиялик муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетди. Ҳодисадан сўнг 14 кишини қидириш-қутқарув ишлари бошланган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса Пангкор ороли яқинида юз берган. Тонгда балиқчилар сувда сузиб юрган одамларни кўриб, расмийларга хабар берган. Перак штати денгиз бошқармаси директори Моҳамад Шукри Хотобнинг маълум қилишича, маҳаллий балиқ овлаш кемаси 23 нафар Индонезия фуқаросини, жумладан, етти аёлни қутқариб қолган. Улар кейинчалик ҳужжатларни текшириш ва тергов ишлари учун денгиз полицияси бўлимига олиб кетилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қайиқда жами 37 киши бўлган. Улар 9 май куни Индонезиянинг Кисаран ҳудудидан йўлга чиққан. Муҳожирларнинг асосий йўналишлари Куала-Лумпур ҳамда Пенанг ороли бўлгани айтилмоқда.
“Ҳозирча бедарак йўқолганларнинг шахси тўлиқ аниқланмади. Қидирув ишлари давом этмоқда”, деган Моҳамад Шукри.
Индонезия ва Малайзия ўртасидаги денгиз йўлларида бу каби ҳодисалар тез-тез учраб туради. Одатда бундай қайиқларда Малайзиядаги плантация ва фабрикаларда ишлаш учун кетаётган муҳожирлар бўлади.
Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаолларнинг айтишича, ҳар йили 100 мингдан 200 минггача индонезиялик ноқонуний ва хавфли денгиз йўллари орқали Малайзияга киришга уринади. Кўпинча улар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар томонидан алдаб олиб кетилади ва манзилга етгач, эксплуатацияга дуч келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бангладеш ҳудудидан муҳожирлар билан бирга йўлга чиққан кема Андаман денгизида чўкиб, 250 дан ортиқ муҳожир бедарак йўқолган эди.
Моҳина Қудратиллаева
Live
Барчаси