Малайзиядаги сув тошқинидан 11 минг киши жабрланди

Олам

image

Малайзиянинг етти штатида кучли ёмғир сабабли юзага келган сув тошқинлари оқибатида 11 мингдан ортиқ киши жабр кўрди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Қайд этилишича, мамлакатнинг шарқий қирғоқ ҳудудларида сув тошқинлари октябрь ойидан март ойигача давом этадиган йиллик муссон мавсумида тез-тез кузатилади ва ҳар йили минглаб одамлар вақтинча кўчирилади.

Табиий офатларни бошқариш бўйича миллий агентликнинг маълумотига кўра, бугун, 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 06:00 (Тошкент вақти билан 03:00) ҳолатига қадар Кедаҳ, Келантан, Пенанг, Перак, Перлис, Теренггану ва Селангор штатларида 3 839 оиладан 11 009 киши зарар кўрган.

Таиланд билан чегарадош шимоли-шарқий Келантан штати энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлиб, бу ерда 8 228 нафар аҳоли жабр кўрган. Агентликка кўра, жабрланганларни вақтинча жойлаштириш учун 60 та бошпана ташкил этилган.

Шунингдек, кеча, 23 ноябрь куни Перлис штатининг шимоли-ғарбий қисмидаги Ван Келиан қишлоғида тинимсиз ёғингарчилик туфайли кўчки юзага келган ва оқибатда қарийб 400 киши муаммога дуч келган. Табиий офатдан жабрланганлар баланд ҳудуддаги масжидларга жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Марказий Ява провинциясидаги икки ҳудудда ёғингарчилик сабабли юз берган кўчки оқибатида 30 киши ҳалок бўлгани, қарийб 40 киши эса бедарак йўқолгани хабар қилинганди.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

сув Малайзия ноябрь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг