Мажбурий-ихтиёрий: мактаб формаси машмашалари
Таҳлил
−
28 Август 5722 10 дақиқа
Янги ўқув йили яқинлашгани сари ота-оналар фарзандлари учун янги ўқув қуроллари ва мактаб формаси харид қилишга киришади. Мактаб ёшидаги фарзандлари кўп ота-оналар учун бу бироз қийинроқ бўлиши ҳам мумкин. Айниқса, мактаб формалари мажбурий бўлса. Ўзбекистонда ягона мактаб формалари жорий этилган деб очиқ-ойдин айтилмаса-да, ўқувчилар оғзаки буйруқлар асосида бир хил кийинишга мажбур қилинади. Бу юқоридан буйруқ олган мактаб директорлари томонидан назорат қилинади. Баъзида уларнинг шахсий ташаббускорлиги асосида барча ўқувчилар мактаб формаларини битта дўкондан сотиб олиш ёки битта тикувчига тиктиришга жалб қилинади. Қарабсизки, шу нуқтада манфаатлар тўқнашуви ҳамда маиший монополия кучга киради. Тушунганингиздек, бугун мажбурий мактаб формалари ҳақида гаплашамиз. Хўш, ўзи нега ўқувчилар бир хил кийинишга мажбурланади? Ягона мактаб формаси айтилганидек, табақалашувнинг олдини олиб, тартиб-интизомни таъминлайдими ёки ортиқча харажатларга олиб келадими?
Форма кийишнинг ижобий ва салбий томонлари

Мактаб формаларининг асосий афзалликларидан бири ўқувчилар ўртасидаги тенгликка интилишдир. Ҳамманинг бир хил кийимда бўлиши услуб, бренд ва ҳоказолар бўйича табақаланишни йўқотади. Педагогларнинг фикрича, бир хил кийиниш ўқувчилар орасида бирдамликни кучайтиради.
Болалар психологларининг таъкидлашича, болалар белгилар асосида ўзларини гуруҳнинг бир қисми сифатида кўришга интилишади. Бундай кийим эса уларда академик гуруҳ аъзоси фахрини уйғотади. Бу эҳтиёж ўсмирлар ва ёшлар орасида ҳам кузатилади. Форманинг нейтрал кўриниши чуқурроқ муносабат, жамоавий руҳ, интизом, мулоқот ва ҳурматни рағбатлантиради.
Яна бир жиҳати шуки, кийим танлаш муаммоси ҳам йўқолади. Мактаб формаси қулай, бутун йил давомида бир хил қолади, ёзги ва қишки вариантлари мавжуд. Бу эса ҳамма учун вақт ва маблағни тежайди. Тадқиқотларга кўра, агар барча ўқувчилар бир хил кийимда бўлса, синф хоналари тартибли кўринади, болалар камроқ шовқин қилади ва кўпроқ тинглайди
Қарама-қарши фикр эгаларига кўра, форма ижтимоий уйғунликни тарғиб қилиши мумкин, аммо тенгсизликни бартараф этмайди, у фақат бошқа шаклда намоён бўлади. Аввало, улар формалар оилалар учун қимматга тушишини таъкидлайди. Бундан ташқари, бир нечта форма бутун ўқув йили учун етарли эмас. Молиявий имконияти чекланган оилалар ҳар бир мавсум учун қатъий белгиланган формани сотиб олишда қийинчилик сезади.
Форманинг яна бир салбий жиҳати сексизмни рағбатлантириши ва турли эътиқодларни бир қолипга солишидир. Масалан, Японияда қизларнинг юбка кийиш талаби кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлади. Форма жорий қилинган кўплаб мамлакатларда қизлар учун юбка – кийинишнинг асосий талаби ҳисобланади. Аммо, калта юбкалар қизларга эркин ҳаракат қилишга йўл қўймайди. Мана шундай танқидлар асосида Ҳиндистон 2021 йилда “Unisex ” мактаб формаларини (аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бир хил кўринишга эга) жорий қилди. Эндиликда мамлакатда қизлар ва ўғил болалар учун шим кийиш бирдек мажбурий қилиб қўйилди. Бироқ бу турли дин вакиллари орасида эътиқод масалалари бўйича эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Ўқувчилар кийим орқали ўз шахсиятини кўрсата олмаслиги мактаб формасининг катта камчиликларидан бири сифатида кўрилади. Болалар, айниқса ўсмирлар ташқи кўринишлари билан ўз ички ҳиссиётлари, феъл-атвор ва дунёқарашларини ифода этишга уринади. Мажбурий тарзда бир хил форма кийиш – уларнинг бу имкониятларини чеклайди, танқидий ва креатив фикрлаш қобилиятларини пасайтиради.
Қайси давлатларда мактаб формалари мажбурий?
Кўпгина мамлакатларда мактаб, коллеж ва олийгоҳлар учун махсус формалар мавжуд. Уларнинг асосий қисми мажбурий ёки ихтиёрий равишда тарғиб қилинади. Ўқувчилар кийимининг мажбурий этиб қўйилиши бола ҳуқуқларнинг поймол этилиши деб қаралса-да, кўплаб давлатлар ўз қароридан воз кечмай келмоқда. Уларнинг орасида бир қанча ривожланган мамлакатлар ҳам бор. Масалан, Буюк Британия, Япония, Австралия, Хитой, Россия ва Жанубий Корея.
Буюк Британия. Ҳозирда Бирлашган Қиролликда мактаб формаси кенг тарқалган бўлса-да, Англия ва Уэлс, Шотландия ҳамда Шимолий Ирландиянинг учта алоҳида ҳуқуқий ҳудудида уни мажбуран жорий этувчи қонун мавжуд эмас. Умуман олганда, мактаб формаси сиёсати ва кийиниш қоидаларини жорий этиш масаласи ҳар бир мактабнинг ўзига ҳавола қилинган.

Япония. Ушбу давлатда мактаб формаси XIX аср охирида жорий этилган. Бугунги кунда давлат ва хусусий мактаблар тизимида мактаб формаси деярли ҳамма жойда қўлланилади. Табиийки, мактабларнинг аксариятида қатъий кийиниш қоидалари ҳам мавжуд: ўқувчиларга бўяниш, ортиқча безаклар тақиш, ғайриоддий соч турмаклари ёки табиий бўлмаган соч рангларига рухсат берилмайди. Содда ва беғубор кўриниш япон ёшлар маданиятининг рамзий белгиларидан бирига айланган.

Австралия. Мактаб формаси масаласига келганда, Австралия қаттиққўллиги билан танилган. Бу мамлакатнинг таълим тизими ҳақида гап кетганда тез-тез муҳокама қилинадиган мавзулардан биридир. Мактаб формаси ғояси қадимдан мавжуд бўлиб, Австралияда бу нарса маданиятнинг бир қисми сифатида қаралади. Энг кичик қитъа бўлган бу мамлакатда форма кийишни талаб қилувчи ҳеч қандай федерал қонун йўқ, ҳар бир мактаб ўз форма сиёсатини белгилаши мумкин. Хусусий мактаблар ва католик мактаблари форма сиёсатида одатда энг қаттиққўл бўлиб, кўпинча қишки ва ёзги формаларга эга бўлишни талаб қилади, ҳатто соч аксессуарлари, бўяниш ва тақинчоқлар бўйича ҳам қатъий чекловлар қўяди. Давлат мактабларида ҳам форма мажбурий, аммо бироз юмшоқроқ шаклда. Баъзи мактабларда қатъий кийиниш қоидалари мавжуд бўлса, бошқаларида сиёсат нисбатан юмшоқроқ бўлиб, ўқувчиларга қулай, мактаб рангларига мос ва шахсий услубини ифодаловчи кийимларни кийишга рухсат берилади.

Хитой. Коммунистик ғоялар асосидаги бу мамлакатда мактаб формаси таълим тизимининг ажралмас қисми бўлиб, барча мактабларда мажбурий ҳисобланади. У ўқувчилар орасида тенгликни таъминлаш, интизомни кучайтириш ва мактабни ташқаридан ажратиб туриш воситаси сифатида қаралади. Бугунги кунда Хитой мактаб формаси кўпинча спорт кийимларига ўхшаш шаклда. Ёзда енгил футболкалар кийилса, қишда иссиқроқ спорт курткалари тақдим этилади.

Россия. XIX асрда Россия империясида форма аристократик тартиб ва интизом белгиси сифатида жорий қилинган. Совет Иттифоқи даврида эса мактаб формаси ягона тизимга айлантирилиб, барча ўқувчилар учун мажбурий қилинди. 1990 йилларда Иттифоқ парчаланиши ортидан Россияда мактаб формаси мажбурийликдан чиқиб кетди. Бу даврда мактабларда кийинишда эркинлик ҳукм сурди. Аммо вақт ўтиши билан турли муаммолар юзага чиқди: бренд кийимлар туфайли ўқувчилар орасида тенгсизлик, интизомнинг сусайиши ва мактаб муҳитида бирликнинг йўқолиши кузатилди.
Шу сабабли, 2013 йилда Россия ҳукумати мактаб формасини қайта жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳозирги кунда мактаблар ягона форма сиёсатини ишлаб чиқди, лекин аниқ дизайн ва рангларни ҳар бир минтақа ёки мактабнинг ўзи белгилайди.
Жанубий Корея. Бу давлатда ҳам мактаб формаси деярли барча ўрта ва юқори мактабларда мажбурий ҳисобланади. Қишда қалинроқ, ёзда эса енгилроқ кийимлар бўлади. Ранглар мактабдан-мактабга фарқ қилади, лекин кўк, қора ва кулранг кўпроқ учрайди. Жанубий Кореяда мактаб формаси ёшлар маданиятининг ҳам бир қисмига айланган, у сериал ва мусиқий видеолар орқали бутун дунёга таниш. Бу давлатда ҳам қизларга юбка мажбурий бўлиши кўп танқид қилинади. Сўнгги йилларда кўплаб мактаблар қизларга шим кийишга ҳам рухсат бермоқда. Бундан ташқари, ота-оналар форманинг қимматлигидан шикоят қилади.
МДҲ давлатлари. МДҲ давлатларида мактаб формаси собиқ Совет давридан бери мавжуд. Иттифоқ парчалангач, йиллар давомида ягона форма талаби бир неча марта ўзгарди. Масалан, Қозоғистонда 2023 йилда мактаб формасини кийиш қоидаларида муҳим ўзгаришлар юз берди. Баъзи чекловлар олиб ташланди ва ўқувчиларга кўпроқ эркинлик берилди. Хусусан, тадбир формаларидан воз кечилиб, галстук ихтиёрий қилинди.

Қирғизистонда эса мактаб формаси 2007 йилдан бошлаб мажбурий жорий этилган. Ҳукумат қарорига кўра, барча мактаб ўқувчилари ягона услубдаги формани кийиши шарт. Ўғил болалар учун мактаб формаси одатда оқ кўйлак, тўқ рангли шим ва классик жакет ёки костюмдан иборат бўлади. Баъзи ҳолларда галстук ҳам талаб қилинади. Қизлар эса оқ блузка, тўқ рангли юбка ёки шим, шунингдек, классик жакет кийишади. Форманинг асосий ранглари қора, кўк, кулранг ва жигарранг бўлади.
Озарбайжонда узоқ муҳокамалардан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси мажбурий этиб қўйилди. Бу қарорни ота-оналар турлича қабул қилди. Мактаблардаги педагогик кенгашга тўрт хил вариантдан бирини танлаш ҳуқуқи берилган: тўқ кулранг, тўқ кўк, тўқ жигарранг ва кулранг шим ёки юбка, шунингдек, оқ, кўк рангли футболкалар. Форма ёзги ва қишки тўпламдан иборат. Қарор фақат давлат мактабларига тааллуқли бўлиб, хусусий мактаблар эса кийим масаласини ўз низомлари асосида тартибга солади.
Тожикистонда мактаб формаси масаласи давлат даражасида тартибга солинган. 2007 йилдан бошлаб ҳукумат қарорига биноан барча умумтаълим мактабларида ягона мактаб формаси жорий этилган. Мактаб формаси одатда содда ва қулай бўлиб, кўпроқ тўқ рангларда: кўк, қора ёки жигарранг тусларда тайёрланади. Қизлар учун кўйлак ва этак, ўғил болалар учун эса шим ва кўйлак ҳамда кўпинча галстук ёки нимча қўшилади. Айрим ҳолларда қизлар миллий услубдаги элементларга эга кийимларни ҳам кийишлари мумкин.
Айрим ота-оналар форма нархи баландлиги ёки сифатига норозилик билдиради. Шунга қарамай, ҳукумат ягона мактаб формасини таълим тизимидаги муҳим талаб сифатида қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистонда-чи?!...
Мактабларда ягона форманинг мажбурий ёки ихтиёрий бўлиши борасида сўнгги бир неча йилда кўпгина ҳукумат қарорлари қабул қилинганки, адаштириб юбориш ҳеч гап эмас. Демак, бошладик. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда қабул қилинган қарорида мактаб формаси 2018-2019 ўқув йилидан ихтиёрий, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий жорий этилиши белгиланган. Кейинчалик, яъни 2019 йил май ойида ўша даврда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаган Саида Мирзиёева мактаб формасини мажбурий қилишдан кўра бошқа муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб, мажбурий мактаб формаси талаб қилинишига ҳали эрталигини айтганди.
“Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик. Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз. Қисқасини айтганда - олдин шароит, кейин талаб”, деб ёзган Саида Мирзиёева Facebook’даги саҳифасидаги постида.
Шундан сўнг, 2019 йил 18 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 509-сонли қарори қабул қилинди ва ягона мактаб формаси 2019-2020 ўқув йилидан эмас, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этиладиган бўлди. 2022 йил 19 май куни эса ҳукуматнинг 271-сонли яна бир қарори билан мактаб формаси 2024-2025 ўқув йилидан эмас балки, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мажбурий жорий этиладиган бўлди. Бироқ, бу қарор ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида турли хил эътирозлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Эътирозлар инобатга олиниб, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 октябрдаги 558-сонли қарори билан 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини жорий этиш талаби расман бекор қилинди ва ягона мактаб формаси босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди. Сўнгги қабул қилинган қарорда эса ягона мактаб формаси жорий этишнинг аниқ муддати белгиланмади.
Аммо ҳар ўқув йили бошидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий форма талаб қилинмаслиги ҳақида эълон қилади. Бироқ йил давомида ўқувчилардан ягона форма сўралади, ташаббусни эса директор ва синф раҳбарлари ўз бўйнига олади.
Ёдингизда бўлса, ўтган ўқув йилининг иккинчи ярмида мактаб формалари машмашаси кўтарилганди. Қарши шаҳридаги 23 мактаб директори Ф.Ш. ўқув йилининг ўртасида форма учун пул йиғими ташкил этаётгани ҳақидаги видео муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг, мактаб директори жаримага тортилган эди.
Мактаб формаларининг ижобий ва салбий томонлари ҳақида юқорида сўз юритдик. Тарозининг қайси палласи оғир келишини ҳар ким ўзи танлайди. Аммо сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай? QALAMPIR.UZ ўтказган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг асосий қисми мактаб формаларининг мажбурий бўлишини нотўғри деб ҳисоблайди. Бироқ амалиётда барча ота-оналар фарзандларини мактаб талабига асосан кийинтиришга мажбурлигича қолмоқда.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь