Мбаппе ПСЖдан 55 млн евро талаб қилмоқда
Спорт
−
17 Ноябрь 2594 2 дақиқа
Килиан Мбаппе собиқ жамоаси ПСЖда қолиб кетган бонус пулларини олиш учун судга мурожаат қилди. Франциянинг Prud’hommes Кенгашида бўлиб ўтган тингловда ҳужумчининг адвокатлари клубдан 55 миллион евро миқдоридаги тўланмаган маош ва бонусларни ундиришни талаб қилди. Бу ҳақда “diaro as” нашри хабар берди.
Шунингдек, улар Мбаппенинг 2022 йилдаги шартномасини вақтинчалик эмас, балки доимий меҳнат шартномаси сифатида қайта таснифлашни сўрамоқда.
Низо 2023 йил ёзида бошланган. Мбаппе клубга 2024 йилда шартномани узайтирмаслигини расмий мактуб орқали билдирганидан сўнг, ПСЖ уни мавсумолди йиғинидан четлатган ва бир муддат захира жамоа машғулотларига юборган. Шу орада футболчи ва президент Нассер Аль-Хелаифи ўртасида учрашув бўлиб ўтган ва хабарларга кўра, агар Мбаппе шартномани узайтирмасдан клубни тарк этса, 55 миллион еврога тенг бонуслардан воз кечиши бўйича оғзаки келишувга эришилган.
Мбаппе томони бу келишув бўлмаганини даъво қилмоқда. Адвокатлар ҳатто май ойида ПСЖнинг ушбу маблағларни ишлатишини вақтинчалик тўхтатишга эришган, аммо суд кейинчалик бу чорани бекор қилган.
Франция меҳнат кодекси бундай ҳолатларда ўйинчи фойдасига қарор чиқаришни назарда тутади. Бир неча ой аввал Адриен Рабио ҳам ПСЖ билан шунга ўхшаш низо бўйича ғалаба қозонган эди. Суд клубнинг вақтинчалик шартнома бўшлиқларидан ноқонуний фойдаланганини тасдиқлаган.
Агар суд Мбаппенинг шартномасини доимий деб тан олса, у ҳозир талаб қилаётган суммадан кўпроқ товон пули олиш ҳуқуқига эга бўлади ва 55 миллион евролик бонуслар масаласи футболчи фойдасига ҳал бўлиш эҳтимоли ошади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Килиан Мбаппе 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Украинага қарши баҳсда фаолиятидаги 400-голни урган эди.
Live
Барчаси