Мен ҳам тирбандликда турдим – Президент (видео)

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта ўзи рулга ўтириб, машина ҳайдаганида тирбандликда қолганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 9 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

“Меҳмон ҳам, халқимиз ҳам йўлга қараб мамлакатнинг иқтисодиётига баҳо беради. Ўтган шанба-бозор куни ўзим рулда юриб келдим. У йўлларда рулда ким эканини ҳеч ким билмайди. Лекин мен ҳам тирбандликда турдим 15-20 минут. Эл қатори келдик”, деди Президент.

Давлат раҳбари кечаси уйига қайтиб келаётган одамларнинг тирбандликда қолиб кетишдан кайфияти ўзгаришини айтди.

Шунингдек, Президент айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий биноси жойлашган кўчалар ёпиб қўйилганидан, шусиз ҳам тирбанд кўчаларда уларнинг ходимлари йўлни 2-3 қаторини “парковка” қилиб олганидан аҳоли норози эканини қайд этди.

Президент топшириғига кўра, 15 минг нафар ҳайдовчилар ўртасида сўров ўтказилди. Пойтахтда ҳам, йирик шаҳарларда ҳам қонуний “парковкалар” етишмагани учун улар машинасини йўл бўйига қўйишга мажбурлигини билдирган. 

“Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ”, деди Президент.

Мутасаддиларга барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш топширилди.

Вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, “парковка” қилиб олган ҳудудларда фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Давлат хизматчилари жамоат транспортида юриш бўйича намуна бўлиши кераклиги қайд этилди.  Эндиликда ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдан ташқари раҳбарларнинг хизмат машинасига йўлларда устунлик берилмаслиги белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тирбандлик йўллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг