Миллий гвардиячиларни отиб кетган шахс АҚШнинг ҳамтовоғи бўлган
Олам
−
28 Ноябрь 14485 2 дақиқа
Вашингтон шаҳрида жойлашган Оқ уй яқинида отишмада қўлга олинган гумонланувчи аввал Афғонистонда АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, 29 ёшли афғонистонлик Раҳмонуллоҳ Лаканвал ўз ватанида АҚШ ҳукумати, жумладан, Марказий разведка бошқармаси (CIA) билан ҳамкорлик қилган.
“Байденнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиққанидан сўнг, 2021 йил сентябрида ушбу шахснинг АҚШга киришига унинг илгари АҚШ ҳукумати, жумладан, CIA билан ҳамкорлик қилгани учун йўл қўйилган. Ушбу ҳамкорлик эвакуациядан сўнг тўхтатилган эди”, дейилади хабарда.
“Reuters” хабарига кўра, Лаканвал АҚШга махсус дастур орқали келган бўлиб, у Афғонистонда америкаликларга ёрдам берган ва “Толибон” томонидан таъқиб қилинишдан хавотирланган минглаб афғон фуқароларини қамраб олган. Ушбу дастур доирасида АҚШга 70 мингдан ортиқ одам келган.
Колумбия округи прокурори Жанин Пирро хабарига кўра, АҚШга келганидан сўнг Лаканвал хотини ва беш фарзанди билан Вашингтон штатидаги Беллингем шаҳрида яшаган. Оқ уй яқинида отишмани амалга оширишдан олдин у машина билан мамлакатни ғарбдан шарққа кесиб ўтган.
Лаканвал қурол билан ўлдиришда айбланмоқда.
АҚШ Бош прокурори Пэм Бонди “Fox News”га берган интервьюсида Лаканвалга қарши терроризм айбловлари қўйилиши ва унга камида умрбод қамоқ жазоси талаб қилиниши режалаштирилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, отишма 26 ноябрда содир бўлган. Гумонланувчи Лаканвал икки Миллий гвардия аскарини яралаган ва жавоб ўқидан жароҳат олган. Миллий гвардия ходимларидан бири шифохонада вафот этган ва яна бири ҳозир оғир аҳволда қолмоқда.
Вашингтондаги отишмадан сўнг АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати афғон фуқаролари билан боғлиқ барча мурожаатларни номаълум муддатга тўхтатган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь