Мирзиёев Алиевни Ғалаба куни билан табриклаб, Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
04 Ноябрь 3943 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни Ғалаба куни муносабати билан табриклаб мактуб йўллади. Бу ҳақда Озарбайжон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
“Мамлакатингизнинг шонли байрами – Ғалаба куни муносабати билан сизни, азиз биродаримни ва бутун Озарбайжон халқини чин дилдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдиришдан катта мамнунлик ҳис қиламан”, дейилади мактубда.
Шунингдек, Мирзиёев 5 йил аввал ватанининг фидойи ва содиқ фарзанди, йирик давлат ва сиёсат арбоби бўлган Илҳом Алиев каби доно раҳбарнинг қатъияти ва жасорати туфайли Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани, тарихий адолат қарор топганини қайд этган.
“Бу улкан воқеа нафақат Озарбайжоннинг кучи ва салоҳиятини бутун дунёга яққол намоён этди, балки минтақада тинчлик, ўзаро тушуниш ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун замин яратди. Шу ўринда, сизнинг Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор таъкидламоқчиман”, дейилади хабарда.
Мирзиёевнинг билдиришича, у сўнгги йилларда Озарбайжонга қилган ташрифлари чоғида Қарабоғ минтақасида замонавий инфратузилманинг қурилиши, маданий мерос ёдгорликларининг тикланиши, ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш даражасининг ошганига гувоҳ бўлган.
“Ҳурматли Илҳом Ҳайдар ўғли, бу йили сиз билан Озарбайжоннинг гўзал Баку, Хонкенди ва Габала шаҳарларида ўтган очиқ ва самарали учрашувларимиз, шунингдек, мазмунли музокаралар давомида эришилган муҳим келишувларнинг тўлиқ амалга оширилиши стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқишига ишончим комил”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Шу билан бирга, Мирзиёев Алиевни Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қилган.
“Мамлакатингиз ҳаётидаги бу унутилмас сана муносабати билан яна бир бор самимий табрикларимни билдирар эканман, сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, юксак давлат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, биродар Озарбайжон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва доимий тараққиёт тилайман”, дейди Мирзиёев.
Маълумот учун, Ғалаба куни – бу Озарбайжон Республикасининг давлат байрами бўлиб, ҳар йили 8 ноябрда нишонланади. У 2020 йил 2 декабрда Президент фармони билан жорий этилган ва Иккинчи Қорабоғ урушида (2020 йил сентабр-ноябрь) Озарбайжоннинг ғалабасига бағишланган. Айнан 2020 йил 8 ноябрда Шуша шаҳри озод қилинган, бу эса урушдаги ҳал қилувчи бурилиш бўлган.