Мирзиёев бир гуруҳ хотин-қизларни мукофотлади (фото)

Жамият

image

Бугун, 7 март куни Тошкент шаҳрида жойлашган Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбир аввалида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, муҳтарама оналар, азиз опа-сингилларни самимий қутлаган. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш давлат сиёсатида етакчи ўринда эканини таъкидлаган.

“Уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак, тўғри бўлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, шу боис, янгиланган Конституциядаги ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам янгича ташкил этилмоқда. Жорий йилда ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади, боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилади, яна 6 мингининг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатли аёллар ишга жойлаштирилади.

Шунингдек, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатидаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади.

Учрашув давомида қиз боланинг ўқиши бутун оилага наф келтириши яна бир бор таъкидланган.

Шунингдек, учрашув давомида бу йил 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олиниши, 250 минг нафар аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши ва “Ёрқин келажак” лойиҳаси доирасида камида 200 нафар қиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилиши ҳам айтиб ўтилган.

Қолаверса, давлат раҳбари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталган.

Унга кўра, бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.

Маълум қилинишича, энди аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизим йўлга қўйилади.

Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Иккинчи босқичда ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлишига кўмаклашилади. Учинчи босқичда «Ҳамроҳ» компанияси ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхона намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга масъул бўлади. Тўртинчи босқичда энг фаол 50 нафар аёл тадбиркор йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантирилади.

Хабарга кўра, бу йил касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

“Олдимизга барча соҳа ва йўналишларда ғоят улуғвор мақсадларни қўймоқдамиз. Бунга эришиш учун биз таянадиган етук авлодни тарбиялаб, вояга етказиш сиз, азизларнинг – фидойи оналарнинг қўлида”,  деган давлат раҳбари.

Президентнинг шу йил 3 мартдаги қарорига биноан 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан, 4 мартдаги фармонга мувофиқ, меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида катта натижаларга эришган бир гуруҳ аёллар орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилган.

Маросим сўнгида Шавкат Мирзиёев халқ номидан аёлларни яна бир бор табриклаб, эзгу тилаклар билдирган.

“Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, дунёдаги энг катта бойлик – оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман. Доимо фарзандларингиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида юриш насиб этсин”, деган Президент.

Байрам доирасида “Ўзбекистон” анжуманлар саройида тантанали концерт намойиш этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев мукофот Халқаро хотин-қизлар куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг