Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди
Жамият
−
25 Ноябрь 5950 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президентнинг ташаббуси билан бунёд этилган мазкур мажмуада умумий майдони 45 гектарни ташкил этадиган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қурилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.
Бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклиги эътиборга олиниб, мажмуада инновацион музей ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони, дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.

Мажмуа аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир 65 минг нафар меҳмонга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби жойлашган.
Зиёратгоҳ атрофида 570 миллиард маблағ сарфланиб, меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари ташкил этилди. Бунда 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли ҳамда 22 та оилавий меҳмон уйи қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудуди ободонлаштирилган. 2026 йилга қадар ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштирилган.

Давлати раҳбари Имом Бухорий зиёратгоҳи Ўзбекистон халқининг бой маънавий мероси ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлганини таъкидлаб, мажмуада айни пайтда олиб борилаётган сўнгги ободонлаштириш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.