Мирзиёев Ўзбекистондан кетаётган Франция элчисини мукофотлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 август куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франция Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди. Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.

“Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилган. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли муваффақиятларга эришилди: кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди.

Шунингдек, Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университети ўз ишини бошлайди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Франция Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезга икки мамлакат ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.

Элчи хоним унинг дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун давлат раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, Орелия Бушез 1960 йил 20 январда туғилган. Париж Сиёсий тадқиқотлар институти ва ENA битирувчиси бўлган Бушез хоним ўз фаолиятини Париж мэриясида маъмур сифатида бошлаган (1984-1989йиллар). Кейинчалик у Ташқи ишлар вазирлигининг Европа бўйича дирекциясида (1989-1993) ишлаган. Француз дипломати, 2021 йил октябридан буён Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаб келган Бушез бунгача Франциянинг Озарбайжондаги элчиси ва Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси лавозимларида ҳам фаолият юритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Дўстлик Орелия Бушез

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг