Мирзиёев ва Алиев Олий давлатлараро кенгаш йиғилишини ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев “Загулба” қароргоҳида тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида кооперация ва алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Мирзиёев бу галги давлат ташрифи ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда ўтаётганини алоҳида таъкидлаган.

“Муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаган”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Президентлар кўп қиррали ҳамкорлик барча даражаларда жадал ривожланиб бораётганини қайд этган. 

“Кеча Хива шаҳрида биринчи Парламентлараро форум бўлиб ўтди. Бакуда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми самарали ўтди. Яқинда Андижонда илк бор ректорлар форуми ташкил этилиб, 60 дан ортиқ шартнома имзоланди. Озарбайжоннинг “Ширвон” ансамбли Хива бахшичилик фестивали гран-присини қўлга киритди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, иқтисодий кооперация йилида товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошган. Лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етган. 300 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ташриф давомида Баку шаҳрида “Ўзбекистон” боғи қурилишига старт берилади ва Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонасининг янги биноси очилади.

Парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар ва ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

“Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Саноат, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм, банк ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Кооперация дастури қабул қилинаётгани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Тадбиркорлар кенгаши ҳамда Саноат ва иқтисодий зоналар форуми каби ҳамкорликнинг янги форматлари қўллаб-қувватланди.

Транспорт-коммуникация соҳасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўрта йўлакни ривожлантиришда иштирок этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.

“Ушбу йўлак орқали ташилаётган Ўзбекистон юклари ҳажми 25 фоизга – 1 миллион тоннадан зиёдга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Бундан ташқари, жорий йил март ойидан бошлаб юк ташишда электрон рухсатномаларга ўтиш таъминланди”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳани тайёрлашни жадаллаштиришга келишиб олинган.

Бундан ташқари, томонлар дипломатик муносабатлар юбилейини муносиб нишонлаш мақсадида жорий йилнинг кузида қатор қўшма маданий ва ёшлар тадбирларини ўтказишга келишиб олган.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.

“Мажлисда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт, энергетика ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди. Йиғилиш якунлари бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бакудаги “Загулба” қароргоҳида Озарбайжонга давлат ташрифи билан борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлганди.

Эртага, 3 июль куни Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев мулоқотни Озарбайжоннинг Қорабоғ туманида давом эттириб, Хонкендидаги қўшма тикувчилик фабрикаси ва Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуаси билан танишади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг