Модулли меҳмонхона қуриш учун бериладиган субсидия оширилади

Жамият

image

2027 йил 1 январгача тадбиркорлар томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхоналар учун 1 марталик субсидия ажратилади. Бу 15 май куни қабул қилинган “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш 
ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланди. 

Фармонга кўра, модулли меҳмонхоналар учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:

  • I тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 10 млн сўм;
  • II тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 7 млн сўм;
  • III тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 5 млн сўм.

Қайд этиш жоиз, 2024 йил октябрдан 2026 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификатига эга янги ташкил этилган модулли меҳмонхонага субсидиялар берилиши белгиланганди. Субсидия модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўмдан белгиланиши керак эди. Эндиликда субсидия ҳажми ошди.

Шунингдек, республика миқёсида ёшлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ғолиблари қўшимча равишда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмаси билан тақдирланиши белгиланди. 

Ҳужжатда қайд этилишича, 2025 йил 1 июндан туризм соҳасига оид барча давлат электрон тизим ва платформалари Миллий туризм ягона платформаси доирасида ишлаб чиқилади.  2025 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида “Ипак йўлида туризм” тематик офиси ташкил этилади. 2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг туризм йўналишидаги ходимлари малакасини ошириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. 2030 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг хизматлари халқаро туризм ва тиббиёт ярмаркалари ҳамда кўргазмаларида тарғиб қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

субсидия модулли меҳмонхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг