Москва ва Баку ораси бузилиши фонида Кремль тилга кирди

Олам

image

Москва Баку билан яхши муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Кремль вакилининг таъкидлашича, Екатеринбургдаги воқеалар ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ ва демарчлар учун сабаб бўлмаслиги керак.

“Биз Озарбайжон билан яхши муносабатларимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз”, деди Песков.

Кремль матбуот котибининг қайд этишича, Москва Бакунинг Россия томонидаги тадбирларни бекор қилиш қароридан афсусда.

“Биз бундай қарорлардан чин дилдан афсусдамиз. Озарбайжон томонининг фикрича, бундай демаршларга сабаб бўлган воқеаларнинг сабаблари ва моҳиятини тушунтириш бўйича ишларни давом эттириш муҳим”, деди Песков.

Шунингдек, у Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ўртасидаги суҳбат кун тартибида эмаслигини қўшимча қилди.

“Айни пайтда бундай суҳбат кун тартибида эмас, бироқ бошқа томондан, агар талаб қилинса, энг қисқа вақт ичида бўлиб ўтади”, деди Песков.

Ҳаммаси нимадан бошланганди?

27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Федерал хавфсизлик хизмати томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари вафот этганди. Рейдлар давомида 9 киши ҳибсга олинган.

Россия томони ўз баёнотида Екатеринбургда “ўтган йилларда содир этилган жиноятларни тергов қилиш доирасида бир қатор шахслар қўлга олингани, уларнинг уйларида тинтув ўтказилганини” маълум қилган. Рус ОАВнинг ёзишича, рейдлар чоғида “Boku Plaza” савдо марказида ҳам тинтув ўтказилган.

Қайд этилишича, Екатеринбургда 50 дан ортиқ озарбайжонлик ушланган, айримлари сўроқдан сўнг қўйиб юборилган. Бу ушлашлар 2001 йилда бир савдогар ўлдирилган ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида амалга оширилган. Ўшанда марҳум “Каспий” кафеси ёнида пичоқланган. Қотилликда кафе эгалари ака-ука Зиёддин ва Ҳусай Сафаровлар гумонланувчига айланган. Марҳум жон беришидан олдин уларнинг исмларини айтган. Ўша вақтларда Сафаровларни жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмаган. Ака-укалар 24 йил ўтиб, бу ишни аллақачон ёпилган деб ҳисоблаган.

Сафаровлар оиласининг танишига кўра, ҳибсга олиш чоғида ака-ука ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган. Улар шифохонага ётқизилган. Ака-укалар вафот этган. 

Манбаларнинг хабар беришича, тергов доирасида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шоҳин Шихлинский ҳам сўроқ қилинган. Бироқ Шихлинский бу маълумотларни “ёлғон ва бўҳтон” деб атаган.

Россиянинг Бакудаги элчихонасининг муваққат ишлар вакили Пётр Волоков Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий норозилик билдирилган. Баёнотда айтилишича, рейд оқибатида икки озарбайжонлик ваҳшийларча ўлдирилган, бир неча киши оғир яраланган, тўққиз киши ҳибсга олинган.

Шунингдек, Озарбайжондаги барча маданий тадбирлар, жумладан, Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан ўтказилиши режалаштирилган концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмалар бекор қилинди.

Бундан ташқари, Миллий Мажлис Матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Баку

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг