Нахичевон атрофидаги кескинлик: Исроил ҳам ҳужумни қоралаб чиқди
Олам
−
05 Март 6134 2 дақиқа
Эрон томонидан Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикасига қилинган дрон ҳужуми халқаро миқёсда кескин муносабатларга сабаб бўлди. Қизиқ жиҳати, Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ҳам озарбайжонлик мавқедоши Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқотда мазкур ҳужумни қатъий қоралаб, Баку билан ҳамжиҳатлик билдирган. Бу ҳақда “Azertac” хабар берди.
Суҳбат давомида Байрамов бугун, 5 март куни Эрон томонидан Нахичевон ҳудудига дронлар орқали ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот берган. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракат мамлакат суверенитетига тажовуз бўлиб, халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларини қўпол равишда бузади. Исроил томони эса бу ҳужумни “қабул қилиб бўлмас ҳаракат” деб баҳолаб, Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини урғулаган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Покистон ҳам ўз муносабатини ошкор қилган. Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқотда дрон ҳужумларидан жиддий хавотир билдириб, бу каби ҳаракатлар минтақадаги кескинликни янада кучайтириши мумкинлигини тилга олган.
Шунингдек, Туркия Мудофаа вазири Яшар Гулер ва Озарбайжон Мудофаа вазири генерал-полковник Закир Ҳасанов ўртасида ҳам телефон суҳбати бўлиб ўтган. Томонлар Нахичевон халқаро аэропорти ва бошқа фуқаролик инфратузилмаларига қилинган дрон ҳужумларини муҳокама қилган. Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва минтақадаги хавфсизлик масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Ароқчи ҳам Озарбайжон Ташқи ишлар вазири билан телефон орқали мулоқот қилган. Байрамов бу суҳбатда ушбу ҳужумни қатъий қоралаб, уни халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ва минтақадаги вазиятни кескинлаштирувчи ҳаракат сифатида баҳолаган. У Баку Теҳрондан расмий узр сўраши, ҳодиса юзасидан тезкор ва аниқ изоҳ бериши ҳамда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўришини кутаётганини етказган. Теҳрон вакили эса ҳодиса юзасидан текширув бошланганини маълум қилиб, жабрланган фуқаролар тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжонга дрон ҳужумини кескин қоралаган.
Live
Барчаси