Наманганда камбағаллик қисқа вақтда 2,5 баробар камайгани айтилди

Жамият

image

Наманган вилоятида камбағаллик қисқа вақт ичида 2,5 баробар камайди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

“Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, катта-ю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман. Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим”, дейди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Билдирилишича, сўнгги йилларда Наманганда салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланган. Эртага бошланадиган камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форумга Наманган шаҳри мезбонлик қилаётгани бежиз эмаслиги қайд этилган. 

“Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу, энг аввало, яратилган шароит ва вилоят аҳолисининг машаққатли меҳнати билан бўлгани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция кирган, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, мингдан ошган. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ортган. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари вилоятда барча драйвер соҳаларни ривожлантириш учун ресурс ҳам, шароит ҳам етарли эканини кўрсатиб ўтган.

Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 14 та туман ва шаҳар ҳокимлари олдида йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси тургани қайд этилди. 

Норин туманидаги 5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Шўрариқ маҳалласи мисолида “оғир” маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириб, шаҳар муҳитини олиб кириш чора-тадбирлари белгилаб олинган. 

Хусусан, бундай маҳаллаларда замонавий маҳалла гузари қуриб берилади, болалар ва спорт майдончалари, сервис объектлари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил этилади. Кўчалар асфальт қилинади ва ёритилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади.

Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги шароити оғир Шўрариқ маҳалласига киргани ҳақида хабар берилган эди. У ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган камбағаллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг