NASA Марсга вертолёт юбормоқчи

Бу қизиқ

image

АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) Марсни ўрганиш учун у ерга “Ingenuity” типидаги роботлаштирилган вертолётларни юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 24 март куни NASA раҳбари Жаред Айзекман Вашингтондаги конференцияда маълум қилди.

“Биз 2028 йил охиригача ўз туридаги биринчи бўлган SR-1 (Space Reactor 1) Freedom сайёралараро миссиясини бошлаймиз”, дейди у. 

NASA’нинг аниқлик киритишича, гап Марсга ядровий куч қурилмасига эга коинот кемасини юбориш ҳақида бормоқда. Айзекманнинг сўзларига кўра, аппарат учирилганидан бир йил ўтиб Марсга етиб боради ва Қизил сайёрани янада ичкарироқ тадқиқ қилиш учун “Ingenuity” тоифасидаги вертолётларни етказиб беради.

Айзекман SR-1 Freedom аппарати ва вертолётларнинг техник хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот бермаган. Шунингдек, у вертолётлар сони қанча бўлишига ҳам аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, NASA “Ingenuity” деб номланган вертолётдан 2021–2024 йилларда Марсни тадқиқ қилишда фойдаланган. Қурилма 2021 йил февраль ойида “Perseverance” Марс ровери билан бирга Қизил сайёрага етказилган. Вертолёт жами 72 та парвозни амалга оширган. Агентликнинг қайд этишича, вазни тахминан 1,8 кг бўлган ушбу учиш аппаратини ишлаб чиқиш 80 миллион долларга тушган. NASA “Ingenuity”дан Марс ровери етиб бора олмайдиган ҳудудларни ўрганиш, сайёра юзасининг уч ўлчовли (3D) хариталарини яратиш ва бошқа илмий вазифаларни бажариш учун фойдаланган. 2024 йил январь ойида NASA мутахассислари вертолёт шикастлангани сабабли ундан фойдаланишни тўхтатганликларини маълум қилган. Улар “Ingenuity” кутилганидан ҳам аъло натижа кўрсатганини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ерга ўхшаш сайёралар коинотда илгари ўйланганидан анча кўп учраши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

NASA Марс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг