Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги 31 та кон хитойликларга сотилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 31 та ер қаъри участкалари “E-auksion” савдо платформаси орқали 25,1 миллиард сўмга сотилган. Электрон савдоларда Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган юридик мақомга эга 12 та МЧЖ ғолиб деб топилган. Уларнинг айримлари тўлиқ Ўзбекистон фуқароларига тегишли, айрим МЧЖ таъсисчиларининг ўртача 70 фоизи Ўзбекистон фуқаролари, фақат хорижий давлат, жумладан Хитой фуқароларига тўлиқ тегишли бўлган бирорта ҳам МЧЖ бунда ғолиб чиқмаган.

Ташкилот бунга исбот сифатида ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектларидан “Xinlong Mining Drilling” МЧЖ асосий таъсисчиси (70 фоиз) ҳамда “Zhonghuitong Mining” МЧЖ асосий таъсисчиси (97,6 фоиз) Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланишини мисол қилиб келтирган.

“Ер қаъридан фойдаланиш маркази”га кўра, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти тадбиркорлик таваккалчилиги асосида олиб бориладиган фаолият бўлиб, бу участкаларни саноат миқёсида қазиб олиш ишларини амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Шу боис бундай ер участкалари тадбиркорларга шаффофликни таъминлаган ҳолда даромад олиш учун сотилади. Сотилган ер қаъри участкаларида фаолият олиб бораётган маҳаллий ёки хорижий инвесторлар соҳага янги технологиялар, ускуналар киритади, янги иш ўринларини яратади. Тадбиркорлар томонидан реализация қилинган қимматбаҳо металлар сотувининг 49,5 фоизи ер қаъри участкаси жойлашган маҳаллий бюджетга йўналтирилади ҳамда ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилади.

Марказ конларнинг хитойликларга сотилганини назарда тутувчи маълумотларни рад этган.

Маълумот учун, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар “Ер қаъри тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, фақат Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсларга ёки Ўзбекистон фуқароларига берилади. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар 3 йил муддатга берилиб, ерга эгалик ҳуқуқини бермайди. Тадбиркорларга фақатгина ер қаъридан фойдали қазилмани олиш ҳуқуқи берилиб, рухсатнома эгаси олтин изловчилар усулида қазиб олиш ишлари жараёнида бузилган ерларни рекультивация қилиш ва уларни келгусида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбуриятини олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий вилояти хитойликлар кон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг