Неймар терма жамоага қайтадими? Бунга Анчелотти нима дейди?
Спорт
−
14 Октябрь 1873 2 дақиқа
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти Неймарнинг Жаҳон чемпионати олдидан терма жамоага қайтиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Неймар миллий жамоага қайта чақирилиши учун тўлиқ жисмоний тайёргарликка эга бўлиши лозим. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
33 ёшли Неймар сўнгги икки йил ичида Бразилия сафида майдонга тушгани йўқ. 2023 йил октябрь ойида олган тизза жароҳати сабаб у узоқ вақт ўйинлардан четда қолди. Ҳозирда у Бразилия чемпионатида фаолиятини давом эттирмоқда.
Анчелотти 14 октябрь куни Токиода Японияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Неймар ҳақида шундай деди:
“Неймар бу жамоада ҳеч қандай муаммосиз ўйнай олади. У яхши жисмоний ҳолатда бўлса, ўз истеъдоди туфайли нафақат Бразилияда, балки дунёнинг исталган жамоасида ўйнашга лойиқ”, дейди италиялик мутахассис.
Мураббий Бразилия терма жамоасининг сўнгги ўйинларидан ҳам мамнунлигини билдирди. Ўтган ҳафта Жанубий Корея устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонилган учрашувда жамоа “чиройли ўйин” кўрсатганини айтди.
“Бразилия чиройли футбол ўйнашни хоҳлайди ва бунга қодир. Аммо энг муҳими ғалаба қозонишдир”, дея қўшимча қилди Анчелотти.
Маълумот учун, италиялик мураббий бошчилигида Бразилия ҳозирча учта ғалаба, бир дуранг ва битта мағлубият қайд этган. Жамоа ҳимояда ишончли ўйин кўрсатмоқда. Бразилия сўнгги бешта ўйинда атиги битта гол ўтказиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Неймарни “Интер Майами” жамоаси ўз сафига қўшиб олиб, МСН триосини яна бирлаштирилмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси