Нилуфардан Қобилжонгача. Россияда 22 йил ичида камида 6 нафар тожик бола ўлдирилган

Олам

image

Россиянинг Москва вилоятидаги мактаблардан бирида 10 ёшли тожик ўсмир Қобилжон Алиевнинг шафқатсизларча ўлдирилиши фуқаролик жамиятида катта хавотир уйғотди. У кундуз куни, мактаб ичида, миллий нафрат асосида ўлдирилган. Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, қотилликда гумонланувчи 15 ёшли Россия фуқароси бўлган.

Тожикистоннинг ваколатли органлари ушбу жиноят тафсилотларини расмий равишда ўрганишга киришди. Республика Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчисини чақириб, унга “норозилик нотаси” топширди ҳамда “ушбу фожиали ҳодисани зудлик билан, холис ва беғараз тергов қилиш, айбдорларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш”ни талаб қилди.

Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев билан телефон орқали суҳбатда содир бўлган воқеанинг сабаблари ва ҳолатларини ҳар томонлама текширишни ҳамда тегишли чоралар кўришни сўради.

Россия ТИВ ҳам ушбу шафқатсиз қотилликка муносабат билдириб, Тожикистон ва марҳум боланинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Россия томони холис ва объектив тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Бу Россияда тожик боласи миллий нафрат асосида ўлдирилган илк ҳолат эмас. Оммавий ахборот воситаларида Россияда сўнгги 22 йил ичида камида 6 нафар тожик боланинг шафқатсизларча ўлдирилиши ёритилган. Миграция масалалари бўйича экспертларнинг фикрича, бундай қотилликлар Россияда мигрантофоб муҳит шаклланиши ва ксенофобия учун жазосизлик оқибатидир.

Қобилжоннинг ўлдирилиши

10 ёшли Қобилжон Алиев жорий йил 16 декабрь куни Москва вилояти Одинцово тумани Успенский мактабида ўша мактабнинг ўқувчиси томонидан пичоқ билан ўта шафқатсизларча ўлдирилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда 15 ёшли Тимофей К. ҳужумдан олдин ўқувчилардан “Қайси миллатдансан?” деб сўраётгани акс этган. Қўриқчи уни тўхтатишга уринган, бироқ Тимофей унинг юзига кўздан ёш оқизувчи газ сепиб, пичоқ билан яралаган. Шундан сўнг у болаларга ҳужум қилиб, Қобилжонни ўлдирган. Қотилликдан кейин Тимофей синфхоналардан бирига беркиниб олган ва у ерда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.

Қобилжон ушбу мактабда акаси билан бирга ўқиган, унинг онаси эса шу ерда фаррош бўлиб ишлаган. Болаларнинг отаси яқинда вафот этган.

ОАВ маълумотларига кўра, ўсмир ўқувчиларга миллий нафрат асосида ҳужум қилган. Хусусан, у ҳодисадан олдин синфдошларига “Менинг ғазабим” номли “манифест” юборган бўлиб, унда яҳудийлар, мусулмонлар, антифашистлар ва либерал қарашдаги шахсларга қарши фикрлар билдирган.

Тергов қўмитасининг хабар беришича, қўлга олинган ўсмир айбига иқрор бўлган. Унга нисбатан қотиллик ва қотилликка суиқасд моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган (Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 3-қисми, 30-моддаси 2-қисми, 105-модда). 

2022 йил. Далер Бобиевнинг ўлдирилиши

5 ёшли Далер Бобиев 2022 йил декабрь ойида Екатеринбург шаҳрида ўз васийлари – Россия фуқаролари Александр ва Вероника Наумовалар томонидан ўлдирилган. Унинг жасади 6 ой ўтиб – 2023 йил июнь ойида топилган.

Судда гувоҳлар Александр Наумов 5 ёшли болани бир неча бор скотч билан стулга боғлаб қўйганини ва узоқ вақт овқат бермаганини айтган. Ушбу қийноқлар сабаб бола бир неча бор уйдан қочишга уринган.

2023 йил 26 июнда Вероника Наумова Далер йўқолганини билдирган. Юзлаб маҳаллий аҳоли уни қидиришда қатнашган. 29 июнь куни боланинг жасади васийлар уйига яқин жойда қоп ичида яширилган ҳолда топилган. Бола 2022 йил декабридаёқ ўлдирилгани аниқланган.

2024 йил сентябрида Александр Наумов болани шафқатсиз қийнаганлик учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2025 йил июлида Вероника Наумова болани ўта шафқатсизлик билан ўлдиргани учун 24 йилга қамалди.

2018 йил. Ҳувайдо Тиллозоданинг ўлдирилиши

5 ёшли Ҳувайдо Тиллозоданинг ўлдирилиши Россияда тожик болаларига қарши энг резонансли жиноятлардан бири бўлган. Москва вилоятининг Серпухов туманида у аввал зўрланган, сўнг ўлдирилган.

2018 йил 22 июлда Ҳувайдо болалар майдончасидан бедарак йўқолган, эртаси куни унинг жасади спорт сумкасидан топилган. Суд-тиббий экспертиза аввал зўрлаш, кейин пичоқ билан ўлдириш ҳолатини тасдиқлаган.

Қотилликда Россия фуқароси, унга қўшни бўлиб яшаган 28 ёшли Александр Сёмин айбланган. Бироқ иш деярли 5 йил давом этган. 2023 йил мартида у 24 йилга, 2023 йил сентябрида эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2015 йил. Умарали Назаровнинг ўлими

5 ойлик Умарали Назаровнинг ўлими 2015 йилнинг энг оғриқли воқеаларидан бири бўлган. 2015 йил 13 октябрь куни Санкт-Петербургда миграция хизмати ходимлари Тожикистон фуқароси Зарина Юнусовани ҳибсга олиб, уни 5 ойлик фарзандидан ажратган.

Орадан бир неча соат ўтиб, ўша куннинг ўзида ярим тунда бола номаълум ҳолатда шифохонада вафот этган. Экспертиза сабаб сифатида ситомегаловирус инфекциясини кўрсатган, ҳолбуки шифохонага ётқизилганда боланинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган.

Ҳодиса тўлиқ тергов қилинмаган, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган. Она эса Россиядан 5 йилга депортация қилинган.

2004 йил. Хуршида Султонованинг ўлдирилиши

9 ёшли Хуршида 2004 йил 9 февралда Санкт-Петербургда миллатчилар томонидан ўлдирилган. Ҳужум пайтида “Россиядан йўқолинг!” деган ҳайқириқлар бўлган. Қиз 11 пичоқ зарбасидан вафот этган.

Дастлаб айбдорлар енгил жазоланган, фақат 2011 йилда гуруҳ аъзолари қайта қўлга олиниб, 7 йилдан 11,5 йилгача қамоқ жазоси олган.

2003 йил. Нилуфар Сангбоеванинг ўлдирилиши

5 ёшли Нилуфар Сангбоева 2003 йил 23 сентябрда Санкт-Петербургда неонатсистлар томонидан ўлдирилган. Бу ОАВда қайд этилган илк ҳолат эди. Қиз металл кастет ва пичоқ билан ўлдирилган. Жиноят миллий нафрат асосида содир этилгани расман тан олинган.

“Мигрантофобия радикалларни рағбатлантиради”

Миграция бўйича эксперт Шуҳрат Латифининг фикрича, Россияда мигрантларга нисбатан салбий муносабат сиёсий ва ахборот маконида кучайгани сари зўравонлик ҳам ошмоқда.

“Фақат Қобилжон ўлдирилганидан кейин 24 соат ичида 1700 дан ортиқ одам интернетда қотилни қўллаб-қувватлади. Бу жуда хавфли сигнал”, дейди у.

Эксперт жиноятлар сабабини профилактиканинг йўқлиги, дискриминацияга қарши таълимнинг етишмаслиги ва жазолашнинг сустлигида кўради.

“Расмийлар томонидан мигрантофобияни чеклаш механизми бўлмагунча ва нафратни тарғиб қилган мансабдорлар жазоланмагунча, радикализм кучаяверади”, дея хулоса қилади Латифи.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг