Нобель 2025: мукофот тарихи, миқдори ва йўналишлари
Бу қизиқ
−
09 Октябрь 5598 5 дақиқа
Нобель мукофоти ҳар йили фан, маданият ва ижтимоий ҳаётга алоҳида улкан ҳисса қўшганларга бериладиган энг нуфузли халқаро мукофотлардан биридир. Ушбу мукофот швед кимёгари, ихтирочи ва тадбиркор Альфред Нобелнинг васиятига биноан таъсис этилган. Нобель инсоният тараққиётига сезиларли ҳисса қўшганларни ҳар йили мукофотлаш учун ўз бойлигининг катта қисмини ажратиб қўйган эди. Дастлабки мукофотлар XX аср бошида физика, кимё, тиббиёт, адабиёт ва тинчликни тарғиб қилиш каби соҳаларда топширилган. 57 йил муқаддам, 1968 йилда эса Швеция банки иқтисодиёт йўналишида ҳам мукофот берилишини жорий этди ва шу тариқа йўналишлар сони олтитага етди.
Нобель мукофоти учун қанча пул берилади?

Олтин медаль ва дипломдан ташқари Нобель лауреатлари пул мукофотини ҳам олишади. Бу маблағлар филантроп (одамлар, жамият ёки инсониятга ёрдам бериш учун ўз маблағи, вақти ёки кучини бағишлайдиган инсон) меросини бошқарувчи Нобель фонди томонидан ажратилади. 2025 йилда мукофот миқдори 11 миллион швед кронасини ташкил этмоқда, бу тахминан 1,2 миллион АҚШ долларига тенг. Анъанага кўра, мукофотларнинг тантанали топширилиши 10 декабрь куни, Алфред Нобельнинг вафот этган санасида бўлиб ўтади.
Нобель мукофотига номзодларни ким тақдим этади?

Мукофот ғолиблари ҳар йили октябрь-ноябрь ойларида эълон қилинади, бироқ танлаш жараёни олдинги йилнинг кузида бошланади. Номзодларни илгари суришда махфийлик ва мустақилликни сақлаш учун жараён бир неча босқичда бўлиб ўтади. Кузнинг бошида ҳар бир йўналиш бўйича тузилган олтита Нобель қўмиталари томонидан лауреатлар, мукофот берувчи институтлар аъзолари, физика, кимё, иқтисодиёт ва тиббиёт олимлари, шунингдек, турли университетлар ва илмий академиялар аъзолари 31 январгача номзодлар тавсия этишга чақирилади. Ҳар бир мукофот бўйича тахминан минг киши номзодликка таклиф қилинади ва одатда 100 дан 250 нафаргача номзод тасдиқланади.
1 февраль куни қўмиталар ўз ишини бошлайди. Номзодлар рўйхати ошкор қилинмайди, қўмита аъзоларига эса қарорларни 50 йил давомида муҳокама қилиш тақиқланади. Киши ўзини-ўзи номзод қилиб кўрсата олмайди, бироқ бошқалар уни бир неча бор илгари суришлари мумкин. Якуний муддатдан сўнг қўмиталар юзлаб аризаларни ўрганиб чиқади, мутахассислар билан маслаҳатлашади. Жараён октябрь ойидаги овоз бериш билан якунланади ва тавсиялар Швеция Қироллик Фанлар академияси ҳамда бошқа мукофот берувчи ташкилотларга тақдим этилади. Якуний қарор 15 ноябргача қабул қилиниши керак.
Шу билан бирга, Тинчлик мукофоти кўпинча ўтган йилдаги тинчликпарвар саъй-ҳаракатларни эътироф этади ва долзарб глобал воқеаларга жавоб беради.
Мукофотни топшириш маросими қандай ўтказилади?

Нобель мукофоти ҳар йили 10 декабрь куни Швеция пойтахти Стокгольм ва Норвегия пойтахти Ослода топширилади. Стокгольмдаги маросимда Швеция қироллик оиласи иштирок этади ва физика, кимё, тиббиёт, иқтисодиёт ва адабиёт йўналишлари бўйича ғолибларни шахсан қиролнинг ўзи медаль ва дипломлар билан тақдирлайди. Тинчлик бўйича мукофот эса Ослода, Норвегия қироллик оиласи иштирокида Нобель қўмитаси раиси томонидан топширилади. Бу Нобелнинг шахсий иродасига мувофиқ амалга оширилади, чунки у айнан Тинчлик мукофоти маросими Норвегияда ўтказилишини хоҳлаган.
Ғолиблар саҳнага бирма-бир чақирилади ва медаль, диплом ҳамда пул мукофотини қабул қилиб олади. Тадбир бутун дунё бўйлаб эфирга узатилади, сўнгра Стокгольм шаҳар ҳокимлигида дипломат ва илм-фан арбобларидан иборат мингдан ортиқ меҳмон иштирокида ҳашаматли зиёфат бўлиб ўтади.
2025 йилги мукофотлар қачон эълон қилинади?
2025 йилги Нобель ҳафталиги 6 октябрдан 13 октябргача давом этади ва лауреатлар қуйидаги тартибда эълон қилинади:
6 октябрь – Физиология ёки тиббиёт йўналиши;
7 октябрь – Физика йўналиши;
8 октябрь – Кимё йўналиши;
9 октябрь – Адабиёт йўналиши;
10 октябрь – Тинчлик йўналиши;
13 октябрь – Иқтисодиёт йўналиши;
Трамп ва унинг Нобель учун кампанияси

АҚШнинг 47-президенти Дональд Трамп 2025 йил, иккинчи бор иқтидорга келганидан буён Тинчлик йўналиши бўйича Нобель мукофотига даъвогарлик қилиб келади. У сайловолди ташвиқотларида кўп бора “дунёни тинчитиш”ни иддао қилиб, содир бўлаётган Россия-Украина ва Исроил-ҲАМАС урушларини тўхтатишни ваъда қилган эди. Ҳаттоки, президентликка киришганидан сўнг 24 соат ичида Россия-Украина урушини бартараф этишини айтганди. Аммо Трампнинг сайловларда ютиб чиққанига 11 ой, инаугурациясига эса 9 ой вақт ўтмоқда ҳамки, ҳар икки уруш ҳам тугамади. Бироқ бир неча маротаба уринишлардан сўнг, унинг воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланишига эришилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, мазкур келишувда Қатар, Миср ва Туркия давлатлари иштирокини ҳам унутмаслик керак.
Дональд Трамп шу йил содир бўлган Ҳиндистон-Покистон, Камбоджа-Таиланд ва Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги можароларни ҳам ўзи тўхтатганини иддао қилади. Шунингдек, у деярли 8 та урушни тугатганини айтиб, миннатдорликка лойиқ эканини таъкидлайди:
“Биз еттита урушни ҳал қилдик. Саккизинчисини ҳам деярли ҳал қилишга яқинмиз. Ўйлайманки, охир-оқибат Россия билан боғлиқ вазиятни ҳам ҳал қиламиз”.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 23 сентябрда БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Дональд Трампнинг тинчлик бўйича Нобель мукофотига муносиб эканини айтганди.
Шахсан Трампнинг ўзи мукофотни олиш учун кампания бошлаб юборган. Унинг атрофидагилар ҳам шу масалани кўтармоқда. Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф август ойида Вашингтондаги йиғилишда Нобель қўмитасини “ишга киришишга” ва мукофотни Трампга беришга чақирган. Давлат котиби Марко Рубио ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
“Bloomberg” нашрининг ёзишича, кампанияга ҳатто бизнес доиралари ҳам қўшилган. Pfizer компанияси раҳбари Альберт Бурла Трампни “Sonic Speed Operation” – COVID-19 вакцинаси ишлаб чиқилишини тезлаштириш лойиҳаси учун мақтаган ва бу Нобель мукофотига лойиқ ҳаракат бўлганини таъкидлаган.
Нобель қўмитаси эса бевосита сиёсий босим сезмаганини, лекин “очиқ ва ёпиқ” тарздаги бир нечта кампанияларга эътибор берганини билдирган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилги Нобель тинчлик мукофотига 338 номзод (шундан 94 таси ташкилот) даъвогарлик қилмоқда. Номзодлар орасида Юлия Навальная ҳам бор ва у букмекерлар орасида фаворитлардан бири ҳисобланади.
Мукофот лауреати эса 10 октябрь куни эълон қилинади. Бу Дональд Трампми ёки умуман бошқа шахс – эртага аниқ бўлади.
Live
Барчаси