Оҳангарон шаҳри ҳокими ишдан олинди

Жамият

image

Бугун, 1 ноябрь куни Оҳангарон шаҳрида бўлиб ўтган Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шаҳар ҳокими ишдан олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, сессияда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўтган қарийб икки йил мабайнида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги мақсад ва вазифаларнинг ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий маъруза қилган. Сессияда ташкилий масала кўрилган ва шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Музаффар Эркабоевич Ражаббоев ишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун лавозимидан озод этилган. У 2024 йилнинг 26 февраль куни ушбу лавозимга тайинланганди.

Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳар ҳокими лавозимига Оҳангарон тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Садриддин Шоқосимов номзодини тавсия қилган.

Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар кенгаши уни шаҳар ҳокими этиб тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида, Музаффар Ражаббоев 1984 йилда Паркент туманида туғилган. Маълумоти – олий. 2007 йил Тошкент ирригация ва мелиорация институти, 2014 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, 2019 йилда Хитой Халқ Республикаси халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида магистратурани тамомлаган.

У Қибрай тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги хизматида меҳнат фаолиятини бошлаган. Шунингдек, Юқори Чирчиқ, Паркент тумани ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаган. У ҳоким бўлишига қадар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманига ҳамда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига янги ҳокимлар тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳри Музаффар Ражаббоев Садриддин Шоқосимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг