Одамлар ҳар йили 1 млрд тоннадан ортиқ озиқ-овқатни ташлаб юборади – БМТ
Олам
−
15 Ноябрь 960 2 дақиқа
Сайёра аҳолиси ҳар йили 1 миллиард тоннадан ортиқ озиқ-овқатни ташлаб юборади, бу эса глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 10 фоизини келтириб чиқаради. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.
Маълумотларга кўра, Бразилиянинг Белем шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим бўйича конференциясида одамлар ва сайёрани иқлим инқирози оқибатларидан ҳимоя қилиш, экологик адолатни мустаҳкамлаш ва барқарор келажакни таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар тақдим этилган.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ва ҳамкорлар “Озиқ-овқат йўқотишларида ютуқ” (Food Waste Breakthrough) ташаббусини ишга туширган. Унинг мақсади 2030 йилга бориб дунёдаги озиқ-овқат йўқотишларини икки баравар камайтириш, метан чиқиндиларини 7 фоизга қисқартириш ва глобал очлик даражасини пасайтириш.
“Дунё ҳар йили – бой мамлакатларда ҳам, камбағал мамлакатларда ҳам жуда кўп миқдорда озиқ-овқатни йўқотмоқда. Озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш очликка қарши курашнинг ва метан чиқиндиларини камайтиришнинг асосий калитидир”, дейди UNEP раҳбари Ингер Андерсен.
Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган янги дастур давлатлар ва шаҳарларни озиқ-овқат чиқиндиларини ва метан чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий стратегиялар ишлаб чиқишда, самарадорлиги исботланган ечимларни ривожланаётган мамлакатларда мослаштириш ва кенгайтиришда, шунингдек ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда қўллаб-қувватлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугунги кунда бутун дунёда қарийб 733 миллион киши очликдан азият чекаётгани ҳақида хабар берган эди.
Live
Барчаси