Одамларнинг стоматологдан қўрқиш сабаби аниқланди

Бу қизиқ

image

Дунё бўйича миллионлаб одамлар стоматологдан чўчийди. Бунинг асосий сабабларидан бири – тиш ковловчи машинасининг ўткир визиллаган овози. Осака университети тадқиқотчилари ушбу муаммони илк бор илмий жиҳатдан ўрганди ва масала фақат шовқиннинг баландлигида эмас, балки унинг сифатида эканини аниқлади. Бу ҳақда  “Acoustical Society of America” хабар берди.

Тадқиқотга стоматолог Томоми Ямада бошчилик қилган. У ҳар куни беморларнинг асбобнинг юқори частотали ҳуштакдек овозидан сесканиб кетишини кузатган. Унинг айтишича, муаммо кенг тарқалганига қарамай, аввал ҳатто стоматологларнинг ўзи ҳам бу овознинг табиатини тизимли ўрганмаган.

Шовқин қандай пайдо бўлишини аниқлаш учун олимлар Япониядаги энг қудратли суперкомпютерлардан бирида катта аэроакустик симуляциялар ўтказган. Машина сиқилган ҳаво асосида ишлайди ва дақиқасига 320 минг маротаба айланиш тезлигига эга бўлиб, мураккаб турбулент оқимлар ҳосил қилади.

Симуляциялар асбоб ичидаги ва атрофигидаги ҳаво ҳаракатини визуаллаштиришга имкон берган, айнан шу гирдоб таниш визиллаган овозни чиқаради. Бироқ муаммони ҳал қилиш шунчаки овозни пасайтириш етарли эмас.

“Энг муҳим нарса – овозни тинчроқ қилиш эмас, унинг сифатини яхшилаш”, дейди Ямада.

Олимлар, шунингдек, турли гуруҳдаги беморларнинг овозни қандай қабул қилишини ҳам ўрганган. Частотаси 20 кГтс гача етадиган бу баланд товуш катталар ва болаларга турлича таъсир қилади. Синовлар болалар бу товушни катталарга қараганда баландроқ ва ўткирроқ эшитишини кўрсатган.

“Бу шуни англатадики, болаларнинг стоматологик муолажалардан қўрқиши фақат психологияга боғлиқ эмас. Уларнинг эшитиш сезгиси бу товушларни ҳақиқатан ҳам янада ёқимсиз қабул қилади”, дейди Ямада.

Муаммони ҳал қилиш учун тадқиқотчилар ускунанинг кесувчи пичоқлари ва ҳаво чиқарувчи тешиклари шаклини оптималлаштиришни режалаштирмоқда. Мақсад – асбоб самарадорлигини камайтирмаган ҳолда, ёқимсиз шовқин спектрини қисқартириш.

Кейинги босқич – ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик. Зарур хавфсизлик ва чидамлилик синовларидан сўнг технологияни тижорий қўллаш даражасига етказиш режалаштирилган. Агар ишлаб чиқиш жорий этилса, келажакдаги стоматологлар кабинетлари анча камроқ қўрқинчли бўлади, айниқса болалар учун.


Мақола муаллифи

Теглар

стоматолог қўрқув тиш шифокори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг